$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон ва "Газпром" ўртасида газ соҳасида ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси" имзоланди

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг «Газпром» компанияси газ саноати соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолади. Бундан бир ҳафта аввал Газпром Қозоғистон билан ҳам шундай ҳужжат имзолаган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Россиянинг «Газпром» компанияси раҳбари Алексей Миллер сешанба куни газ соҳасида ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси»ни имзолади, дея хабар қилди компания матбуот хизмати.

Учрашувда томонлар «ўзаро ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли масалаларини кўриб чиқдилар», дейилади хабарда.

Ҳужжат тафсилотлари келтирилмаган.

Бир ҳафта аввал Газпром Қозоғистон билан йўл харитасини имзолаган эди. Ҳужжат Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш имкониятини кўзда тутади.

«Уч томонлама иттифоқ»

2022 йил ноябрь ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга уч томонлама газ иттифоқини тузишни таклиф қилгани маълум бўлган эди. Россия томони бу таклиф сиёсий шартлар эвазига газ етказиб беришни назарда тутмаслигини, гап тижорий манфаатларни мувофиқлаштириш ҳақида кетаётганини билдирди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов декабрда Ўзбекистонда совуқ ҳаво бошланиши билан бошланган энергетика инқирози фонида Ўзбекистон газни «қандайдир иттифоқ ёки иттифоқ йўли билан эмас, балки қўшнилардан — тижорат шартномаси асосида импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бораётгани»ни айтди.

Кейинроқ «Газета.uz» ўз манбаларига таяниб бир қатор икки томонлама учрашувлар чоғида россиялик ҳамкорлар билан газ соҳасидаги ҳамкорлик масаласи муҳокама қилингани ҳақида ёзди.