$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи мудофаа вазирининг маслаҳатчиси ҳисобланади

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи мудофаа вазирининг маслаҳатчиси ҳисобланади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Мудофаа вазирлиги ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолияти ташкил этилади.

Мажмуа ҳудудида Мудофаа вазирлигининг Маънавият ва маърифат маркази, Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти, Ҳарбий оркестрлар хизмати, Қуролли Кучлар марказий ашула ва рақс ансамбли бепул фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Мажмуа ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Қарор билан мудофаа вазирининг маданий ишлар бўйича маслаҳатчиси – “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси бошлиғи лавозими жорий этилди.

Шунингдек, “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Мажмуа Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳр ва бланкаларга, мустақил балансга, банк ҳисобварақларига ҳамда хорижий валютадаги банк ҳисобварақларига эга бўлади.

Мажмуа бошлиғи маданият вазири билан келишилган ҳолда мудофаа вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Мажмуа таркибидаги “Шон-шараф” давлат музейи юридик шахс мақомига эга бўлган муассаса ҳисобланади.

“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ўз мақомига, ходимлар (ҳарбий хизматчилар) меҳнатига ҳақ тўлаш (пул таъминоти) шартларига кўра Мудофаа вазирлиги марказий аппаратининг бош бошқармасига тенглаштирилади.

Мажмуа ва “Шон-шараф” давлат музейи ҳудудида миллий эсдалик совғалари маҳсулотлари ҳамда музейда сақланаётган ашёлар нусхаларининг савдоси ташкил қилинади.