$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

31 мингта кўп қаватли уйнинг фасад қисми базальт қопламага ўтказилади

Фото: Gazeta.uz Фото: Gazeta.uz

Ўзбекистонда 1991 йилгача қурилган 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасад қисми базальт қопламага ўтказилиб, муқобил энергия манбалари ҳисобига иссиқ сув ва электр билан таъминланади. Янги қуриладиган уйларга энергия самарадорлиги юқори қурилиш материаллари ва жиҳозларидан фойдаланиш мажбурий бўлади.

Ўзбекистон президенти топшириғи билан Ўзбекистон бўйича жами 31 мингта кўп қаватли уйнинг фасад қисми базальт қопламага ўтказилиб, муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминланади. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди ҳукумат раҳбари матбуот хизмати.

Мажлисда бугунги кунда республика бўйича жами 40 мингта кўп қаватли уй-жой мавжуд бўлса, шундан 31 мингга яқини 1991 йилгача қурилгани қайд этилди.

Шу боис, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ушбу 31 мингта уйларнинг фасад қисмини реновация асосида босқичма-босқич базальт қопламага ўтказиш ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда иссиқ сув ва электр билан таъминлашни назарда тутувчи дастур лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши топширилди.

Шу билан бирга, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Закиров) эндиликда янгидан қуриладиган кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларига энергия самарадорлик даражаси юқори бўлган қурилиш материаллари ва жиҳозлардан фойдаланишни мажбурий тартибда киритиши топширилди.

Бу борада энергиятежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ҳам эътибор қаратишимиз кераклиги қайд этилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда республикада жами 13,2 минг тонна базальт хом ашёси ишлаб чиқарилмоқда. Бу эса йиллик эҳтиёж (5 млн м кв ёки 36 минг тонна) 30 фоизини ҳам ташкил этмайди.

Шу боис, Ўзсаноатқурилишбанк «Ўзсаноқурилишматериаллари» уюшмаси билан биргаликда икки ой муддатда жойларда базальт хом-ашёси ишлаб чиқариш лойиҳаларини кўпайтириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, йил якунига қадар камида 5 минг тонналик қувват яратиши кераклиги таъкидланди.

«Ўзэлтехсанот» уюшмаси ҳам икки ой муддатда трансформаторлар, кабеллар, қуёш панеллари ва сув иситиш коллекторларини ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича алоҳида дастур тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланди.