$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Туркия президенти олий даражали Имом Бухорий ордени билан мукофотланди

Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати

Президент фармони билан Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон олий даражали Имом Бухорий ордени билан мукофотланди. Унга бу мукофотни Шавкат Мирзиёев топширди.

Ўзбекистон президенти учрашув давомида нутқ сўзлади.

Ҳурматли Ражаб Тоййиб Эрдўғон жаноби олийлари! Сизларни Самарқандда кўриб турганимдан хурсандман. Бугун тарихий воқеа. Бугун қардошим Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистоннинг олий даражали Имом Ал-Бухорий ордени билан тақдирланди.

Хабарингиз бор, 2017 йили БМТнинг 72-сессиясида улуғ бобомиз Имом Ал-Бухорийнинг меросини ўрганиш ҳақида гапиргандим ва ўша пайтда Туркия президенти, қардошим Ражаб Тоййиб Эрдўғон бу фикрларни қўллаб-қувватлаган эди. Ўзбекистонда Имом Ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом университети фаолият кўрсатмоқда.

Улуғ аждодимиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «амаллар ниятларга боғлиқдир» деб таъкидланади. Шу боис ҳам биз Ўзбекистонда Имом Бухорий бобомизнинг меросини чуқур ўрганиш учун Самарқанд заминида ул зотнинг номида халқаро илмий-тадқиқот маркази ва ҳадис илми мактабини ташкил этдик.

Ўзбекистон халқи Сизнинг қардош элларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни самарали амалга ошириш борасидаги шахсий ҳиссангизни яхши билади ва юксак қадрлайди. Ишончим комилки, умумий тил ва маданиятга, аждодларимизнинг бой меросига, муштарак интилишга асосланган дўстлик ва қардошлик муносабатларимиз янада равнақ топади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Туркия президенти ҳам, ўз навбатида, нутқ сўзлади.

Ҳурматли президент, азиз меҳмонлар, сизларни азиз туйғуларим ила саломлайман. Фиқҳ илмини эгаллаган киши номидаги орденнинг менга берилишини юксак қадрлайман. Ушбу орден мамлакатларимиз ўртасидаги азалий ва абадий ҳамкорликнинг натижаси деб биламан.

Буюк бир фахр ила, ғурур ила ушбу юқори даражали орденни олишдан яна бир бор бахтли эканимни таъкидлаган ҳолда қардошим Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман. Авваламбор, шуни айтмоқчиманки, талабалик йилларимизда Имом ал-Бухорийнинг ҳадислар тўплами билан яқиндан танишганмиз. Бу биз учун авваламбор энг муҳим манба сифатида қўлланилган. Бирор ҳадис ҳақида гап кетганда, биз ушбу ҳадислар китобига мурожаат қилганмиз, — дейди Эрдўғон.