$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистон энергетика соҳаси раҳбарларига ҳайфсан берилди

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz» Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz»

Ишдаги камчиликлар ва Ўзбекистон энергетика тармоғида чеклашлар киритиш тартибини бузганлик учун «Миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси, «Ҳудудий электр тармоқлари» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, Қашқадарё ҲЭТК филиали директори ва «Тошшаҳарнур» ДУК раҳбарига ҳайфсан берилди.

Ўз вазифасига масъулият билан ёндошмаган Ўзбекистон энергетика соҳасидаги бир қатор раҳбарларга ҳайфсан берилди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

7 декабрь куни Энергетика вазирлигида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, шунингдек, прокуратура органлари ҳамда тизим корхоналари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича тузилган махсус штабнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда ҳозирги кунда энергия ресурслари таъминотидаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари, бу борада олиб борилаётган ишлар танқидий кўриб чиқилди. Йиғилишда махсус штаб ташкил этилганига қарамай, жойлардаги ҳудудий штабларнинг фаолияти талаб даражасида ташкил этилмаганлигига алоҳида урғу берилди.

Айрим масъул раҳбарларнинг долзарб муаммоларни тезкорлик билан бартараф этишда ишларни тўғри ташкил қилмаётганлиги, бунинг натижасида тизимда кўплаб техник носозликлар содир бўлаётгани, энергия тежамкорлик масалаларида камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳамда электр таъминотида чекловларни киритишда белгиланган тартибларга риоя этилмаётгани истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётганлиги қаттиқ танқид қилинди, дейилади хабарда.

Шу ва бошқа камчиликларга йўл қўйганлиги учун «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Дадажон Исакулов, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Рўзиқул Райимов, «Қашқадарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» филиали директори Анвар Музапов ва «Тошшаҳарнур» ДУК директори Умидбек Ражабовга ҳайфсан берилди.