$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Таълим тизимини ислоҳ қилиш – мамлакат модернизациясининг ўзаги ҳисобланади – СМТИ эксперти

Таълим тизимини ислоҳ қилиш – мамлакат модернизациясининг ўзаги ҳисобланади – СМТИ эксперти

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасида таълим соҳасини янада ислоҳ қилиш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди. Улар кўлами ва мазмун-моҳияти жиҳатидан Ўзбекистон учун стратегик ва концептуал аҳамиятга эга ҳамда мамлакатимиз таълим тараққиётида туб бурилиш ясаш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилишга қаратилган.

Таълим соҳасини тубдан такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳар бир соҳада кенг жорий этилиб, жамият ҳаётида трансформация жараёнлари жадаллашмоқда. Таълим соҳасида янги фанлар, замонавий педагогик технологиялари яратилаяпти. Давлатлар ўртасида “ақл эгалари” учун кураш авж олиб бормоқда.

Шу маънода, тобора глобаллашиб бораётган дунёда сифатли кадрлар тайёрлаш масаласи ҳар бир давлатнинг келажагини белгилаб берувчи асосий омил эканлиги янада ойдинлашиб бораётир.

Шу мақсадда кейинги йилларда мамлакатимизда таълим тизимини изчил ривожлантириш борасида аниқ, изчил ва кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб келинаётганини таъкидлаш лозим. Бу сохага оид ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилинди.

Биринчидан, кейинги тўрт йилда ёшларни таълимга (мактабгача, умумий ўрта ва олий) қамраб олиш даражаси кескин оширилди. Чекка қишлоқларда давлат-хусусий шерикчилик асосида янги мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, бир қатор олийгоҳларнинг вилоятлардаги филиаллари ташкил этилди.

Хусусан, олий таълимда қамров даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етказилган.

Иккинчидан, таълимда ихтисослашув жараёнлари тобора чуқурлашиб, муҳим аҳамият касб этмоқда. Тошкент шаҳри ва вилоятларда Президент мактаблари, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Ибрат мактаби, шунингдек тор ихтисослашувдаги ўнлаб хорижий олий ўқув юртларининг филиаллари ташкил этилгани бунга яққол мисол бўла олади.

Учинчидан, барча даражада таълим сифатини тубдан оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Педагог кадрлар малакасини ошириш ишлари такомиллаштирилиб, хорижда малака ошириш учун шарт-шароитлар яратилди. Ўқитишнинг илғор технологиялари таълим жараёнига жорий қилинаётир. Таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда.

Тўртинчидан, 2020 йилнинг сентябрь ойида “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

Мурожаатномада Президентимиз томонидан ушбу йўналишдаги ишларни янада давом эттириш бўйича аниқ кўрсатмалар бериб ўтилди. Хусусан, ҳудудларда хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсидиялар ажратилади.

Келгуси йилда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот-технологияларига ихтисослашган 197 та мактаблар ўз фаолиятини бошлайди.

Рақобатбардош миллий кадрларни тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида энг илғор стандартларга жавоб берадиган университет ташкил этилади.

“Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади, илк бор бакалавр йўналиши бўйича 200 нафар ўғил-қизлар жўнатилади.

Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. Олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сонини 2 баробарга кўпайтириб, 2 мингтага етказилади. Аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар учун махсус стипендиялар жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

30 та етакчи олийгоҳга ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, қабул квотаси ва молиявий масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи берилади.

Келгуси йилда илм-фан соҳасида олийгоҳлар ва илмий ташкилотлардаги докторантлар сони 4,5 мингтага етказилиб, бюджетдан қўшимча 240 миллиард сўм ажратилади ва бошқ.

Аҳамиятли жиҳати, давлатимиз раҳбари жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим, деб алоҳида таъкидлади. Бу борада педагоглар малакасини ошириш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, бошқа тумандаги олис мактабга бориб дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама ҳақ тўланади.

Бундан кўзланган мақсад нафақат юртимизда устозларга бўлган ҳурмат ва эъзозни янада кучайтириш, балки таълим сифати бир хиллигига эришиш ҳисобланади. Сир эмаски, пойтахт ва ҳудудлардаги таълим муассасаларида таълим сифати бир мунча фарқланади. Эндиликдаги мақсад ушбу фарқни йўққа чиқаришдан иборатдир!

Бир сўз билан айтганда, юртимизда инновацион ва креатив фикрлайдиган замонавий кадрлар тайёрлаш, шу мақсадда таълим тизимини такомиллаштириш масалаларига қаратилаётган эътибор 2021 йилда янада кучаяди.

Мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳар бир ёшни мустақил фикрлайдиган, жамиятда фаоллик кўрсатадиган, қийинчиликларни қўрқмасдан енгиб ўта оладиган шахс сифатида камолга етказиш кўзда тутилмоқда.

Чунончи, бугунги глобаллашув ва давлатлараро рақобат тобора кучайиб, интернет ва инновацион технологиялар ҳар соҳага чуқур кириб бораётган, дунёда анъанавий жамиятдан ахборотлашган жамият сари ҳаракатлар кечаётган даврда мамлакатда таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тўғри белгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Мурожаатномада акс этган вазифалар ушбу йўналишда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар учун дастуриамал бўлиб хизмат қилади.


Адҳамбек РАШИДБЕКОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти

ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро

тадқиқотлар институти бош илмий ходими.

Теги :
Jamiyat