$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Қашқадарёда "Док-1 Макс" сабаб яна бир бола ҳаётдан кўз юмди

Фото: Gazeta.uz Фото: Gazeta.uz

Қашқадарёда яна бир бола «Док-1 Макс» сабаб вафот этди. 1 ёшли болага сироп 5 кун давомида уйида ичириб турилган.

Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи бола «Док-1 Макс» сиропи сабаб вафот этди, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 2021 йилда туғилган Х.Ш. 5 кун давомида ўз турар жойида «Док-1 Макс» сиропини истеъмол қилиб келиб, соғлиги ёмонлашганлиги сабабли 27 декабрь куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, 28 декабрь куни вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази директори М.Азизовнинг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга ёзган хати нусхаси пайдо бўлганди, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлими ҳақида сўз борган.

Орадан вақт ўтиб, Болалар омбудсмани Самарқанда «Док-1 Макс» таблетка ва сиропларини истеъмол қилиши оқибатида вафот этган болалар сони 18 нафарга етганини маълум қилганди. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидан бўлган. Урнинг барчаси 6 ёшгача бўлган.

Кейинчалик ССВ 18 нафар бола «Док-1 Макс» сиропини ичиб вафот этганини тасдиқлаган. Унинг таркибидан таркибида заҳарли модда — этиленгликоль топилган. Аниқланишича, дори шифокор рецептисиз, мустақил ёки фармацевт тавсияси билан сотиб олинган ва меъёрдан ортиқ дозада қабул қилинган. Ҳолат ўрганилгач, етти нафар масъул ишдан олинган. Дори савдоси эса тўхтатилган.

Шундан сўнг, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан 18 бола ўлимига сабабчи бўлган «Док-1 Макс» билан боғлиқ ҳолат бўйича Quramax medical ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев эса сиропини қабул қилган болалар ўлими ҳақидаги маълумотлар вазирликдан яширилганини айтганди. У 18 нафар боланинг ота-онасига ҳамдардлик билдириб, узр сўраган.