$
 10371.76
7.28
 12153.63
-101.33
 133.19
-1.84
weather
+18
Кечаси   +7°

Мўйноқда суратга олинган фильм 2 та халқаро фестивалда ғолиб бўлди

Мўйноқда суратга олинган фильм 2 та халқаро фестивалда ғолиб бўлди

Нью-Йорклик кинорежиссёр Жорж Ицхакнинг Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ шаҳрида суратга олган “Денгизни кутиб” қисқа метражли ҳужжатли фильми “Moscow Shorts International Film Festival” ҳамда “Long Story Shorts International Film Festival” фестивалларида “Энг яхши ҳужжатли фильм” ва “Энг яхши операторлик иши” номинацияларида ғолиб бўлди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.

Шу билан бирга, ушбу фильм бошқа қатор халқаро кинофестивалларда турли номинацияларда иштирок этган.

Жорж Ицхак 2018 йилнинг сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасининг Муйноқ шаҳрида илк бор ўтказилган «Стихия» электрон мусиқа фестивали ғоясига мафтун бўлган. “Денгизни кутиб” фильмида электрон ва халқ мусиқасини Орол денгизининг аянчли тақдири билан уйғунлаштирилган.

У яратган фильмда Ўзбекистонда ҳеч қачон яшамаган ўзбекистонликнинг шахсий қарашлари ҳамда унинг қадимий анъаналар билан замонавийлик ўртасидаги боғланишлар ҳақидаги тасаввурлари ифодаланган. Шу билан бирга, фильм Ўзбекистон, Қорақалпоғистон ва Орол денгизи ҳақидаги эски қолипли тушунчаларни йўққа чиқаради.

Жорж Ицхак асли Тошкентда туғилиб, Нью-Йоркда вояга етган ва бугун ушбу шаҳарда яшайди. У ҳужжатли фильмлар продюсери ҳамда АҚШнинг энг машҳур кечки янгиликлар шоуларидан бири ҳисобланган “NBC Nightly News” продюсери сифатида фаолият кўрсатади.

Келгусида режиссёр ушбу фильмни Буюк Британия ва Германияда ҳам намойиш этишни ва Марказий Осиё ҳақидаги холис тушунчалар шаклланишига ҳисса қўшиш ниятида.

Фильмни бу ерда томоша қилиш мумкин: "Денгизни кутиб"