$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда маҳкумларга интернетдан фойдаланишга рухсат бериладими?

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Ички ишлар вазирлиги томонидан муҳокамага қўйилган буйруқ лойиҳасида жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган маҳкумлар электрон давлат хизматлари ва нотариат хизматларидан фойдаланиши учун маъмурият томонидан алоҳида хона ажратилиши кўзда тутилган.

Ички ишлар вазирининг «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-қоидаларига қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, ҳужжат қуйидаги мазмундаги 781-банд билан тўлдирилиши таклиф қилинмоқда.

«ЖИEМларда сақланаётган маҳкумлар электрон давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларидан фойдаланиши учун ЖИEМ маъмурияти томонидан алоҳида хона ажратилади.

Мазкур хона веб-камера ҳамда Жаҳон ахборот интернет тармоғига уланган компьютер техникаси билан жиҳозланади».

Мазкур қўшимчалар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Олий суди билан келишилган.

Ички ишлар вазирлиги буйруқ лойиҳа қабул қилиниши заруратини қуйидагилар билан изоҳлаган:

  • биринчидан, жазони ижро этиш тизими фаолиятини рақамлаштириш, жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларга электрон давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш орқали, маҳкумлар ҳуқуқлари таъминланишини халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларга босқичма-босқич мувофиқлаштириш;
  • иккинчидан, тизим фаолиятининг очиқ ҳамда шаффофлигини таъминлаш орқали коррупцион омилларни бартараф этиш;
  • учинчидан, жазони ижро этиш тизимини рақамлаштириш, давлат ахборот тизимлари ва электрон хизматларни жорий этиш, давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тизимини жазони ижро этиш муассасаларига жорий этиш орқали жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланиши, халқаро ҳуқуқни умумэътироф этилган нормаларга босқичма-босқич мувофиқлаштириш бўйича қўшимча чоралар кўришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Лойиҳа муаллифлари маълум қилишича, уни амалга ошириш билан боғлиқ барча харажатлар Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказлаштирилган жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.