$
 12170.67
20.83
 14048.60
44.69
 152.30
1.2
weather
+26
Кечаси   +14°

Тамаки — фақатгина инсон организмининг эмас, табиатнинг ҳам қотили

ТАмаки табак сигарет tamaki sigaret cigarette

Ҳаво сифатининг йилдан йилга ёмонлашаётгани Ўзбекистон учун энди янгилик эмас. Бу саноат корхоналарининг ортгани, яшил майдонлар камайгани, транспорт кўпайгани фонида юз бераётгани бор гап. 

Лекин биз ўйлаб ҳам кўрмайдиган тамаки маҳсулотлари экологияга 4-5 томондан зарба беряптики, бу маълумотлар кўпчилик учун янгилик бўлиши мумкин. Тамаки нафақат инсон саломатлиги ёмонлашишига, қолаверса ўрмон ёнғинлари, тупроқ емирилиши, ҳавонинг кундан кун заҳарланиб, исиб боришига ҳам каттагина «ҳисса» қўшмоқда.

300 дона сигарет учун битта дарахт йўқ қилинади

Сигарет экологияни ҳам ишлаб чиқарилиш жараёни, ҳам тутуни, ҳам қолдиғи билан зарарлайди. Масалан, 1 соат ичида ўраб қадоқланадиган сигаретлар учун 6 километр қоғоз сарфланади. Ҳар 300 дона сигарет учун битта дарахт йўқ қилинади. Бу –кунига 20 донали 1 қути сигарет чекадиган одам ойига 2та дарахтнинг қотилига айланади деган гап.

 Ўрмонлар қурбон қилиняпти

Сигарет ишлаб чиқаришда энг муҳим ўсимлик – тамаки серёмғир тропик ўрмон минтақасида етиштирилади. 1950 йилларда кичик-кичик ҳудудларда етиштирила бошланган тамакилар, талаб ошгани сари каттароқ майдонларни эгаллаяпти. Натижада йирик-йирик ўрмонлар қурбон қилиняпти.

Танзаниянинг Усенге шаҳрида жойлашган Табора қишлоғидаги маҳаллий тамаки етиштирувчи фермерларнинг тасдиқлашича, тамаки учун ўта зич жойлашган ўрмонлар кесиб ташланиш ҳолатлари кўпайган. Тамаки Осиё ва Африка давлатларидаги 5 фоиз ўрмонлар йўқолишига сабаб бўлади. Қанийди, зарар шу ерда тўхтаса. Ўрмонлар қисқариши билан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида биохилмахиллик йўқолади, глобал ҳарорат кўтарилишда давом этади, тамаки етиштирилган далаларда тупроқ эрозияси бошланади.

1 қути сигарет = 1,4 миллион литр сув 

Бундан ташқари, кунига 20 донали 1 қути сигарет чекадиган одам 1,4 миллион литр сув сарфлайди. Ва яна тайёр сигаретларни чакана ва улгуржи тарқатишдаги транспорт ёнилғисининг табиатга зарарини ҳам унутмаслик керак.

Азон қатлами ҳам емирилади

Сигарет ишлаб чиқарувчи кўп мамлакатларда тамаки баргларини қуритиш учун ўтин ёқилади. Ва бу тутун табиий ҳолатда атмосферага кўтарилиб, азон қатламини емиради.

Кимёвий моддалар

Бундан ташқари, тамакини етиштириш, йиғиб олиш жараёнида ўта ўткир ҳашарот ўлдирувчилардан, масалан алдисарб деб номланадиган моддадан фойдаланилади. 1995 йилда сигарет ишлаб чиқаришда 2300 миллион килограмм чиқинди ҳосил бўлиб, унинг 209 килограмми кимёвий модда бўлган. Кимёвий моддалар ҳам тупроқни, ҳам ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини нобуд қилади.

Яна бир ёмон жиҳати – ишлаб чиқаришда фойдаланилган заҳарли сув ё тупроққа, кўп ҳолларда дарёларга оқизиб юборилади.

2,6 миллиард килограмм карбонат ангидрид ажралиб чиқади

Маълумотларга кўра, дунё миқёсида чекиш туфайли ҳар йили атмосферага 2,6 миллиард килограмм карбонат ангидрид ва 5,2 миллиард килограмм метан ажралиб чиқади. 

2014 йилда 6 триллион сигарета ишлаб чиқарилган ва деярли 84 миллион тонна иссиқхона газларига сабаб бўлган. Бу – умумий газнинг 0,2 фоизини ташкил қилади.

Ҳар бир чекилган сигарет атмосферага 1,39 грамм иссиқхона гази ажратади. 1 та сигаретни ишлаб чиқариш эса 0,6 грамм иссиқхона газига сабаб бўлади. Тахминларга кўра, 2025 йилгача йилига 9 триллион тамаки истеъмол қилинади. 

 1 миллиарддан ортиқ кашанда

Шуни ҳам қайд этиш керакки, дунё аҳолисининг 1 миллиарддан ортиғи кашанда. Ва уларнинг 800 миллиони эркаклар ҳисобланади.

Сигарет қолдиқлари чириши учун камида 10 йил керак

Чиримайдиган қолдиқлар ва ёнаётган ўрмонлар сигарет қолдиқлари чириши учун камида 10 йил керак. Сигарет филтрлари селлюлоза ацетатдан ишлаб чиқарилади, бу пластмасса, техник жиҳатдан биологик парчаланиши мумкин бўлсада, фақат оғир биологик шароитларда парчаланади. Чириганда ҳам унинг таркибидаги заҳарли моддалар тупроқни ишдан чиқаради.

Чиқиндининг 30-40 фоизи сигарет қолдиқлари

Яна бир томони, чекувчилар орасида сигарет қолдиғини исталган жойга улоқтирадиганлари ҳам топилади. Шу сабаб ҳам соҳилбўйи ҳудудларида сигарет қолдиқлари кўп тўпланиб қолади. Маълумотларга кўра, 1980 йиллардан бери шаҳар ва қирғоқбўйи ҳудудларида йиғиладиган чиқиндининг 30-40 фоизини сигарет қолдиқлари ташкил қилган.

3,2 миллионга яқин сигарет қолдиқлари

2008 йилда Халқаро қирғоқларни тозалаш дастури сув йўллари ва пляжлардан 3,2 миллионга яқин сигарет қолдиқларини тозалаган. Бу бошқа барча ахлатлардан деярли икки баравар кўп дегани. Бундан ташқари, қолдиқлар сув ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини ҳам зарарлайди. Сигаретлар таркибидаги пластикдан ясалган филтр балиқлар емишига ўхшайди ва сув ҳайвонот дунёси учун катта хавф туғдиради.

Ёнғинлар

Тамаки зарари ҳақида гапирилганда, ёнғинлар ҳақида тўхталиш шарт. Бутун дунё бўйлаб сигарет қолдиқлари сабаб бўлган ўрмон ёнғинлари сон-саноқсиз. Ва шу ёнғинлар сабаб ҳар йили 17 мингга яқин одам ҳалок бўлади. Мулкий зарар эса 27 миллиард АҚШ долларидан ортиқ зарарни ташкил этади.

Ҳар 6 сонияда бир киши қурбон бўлади

Тамакининг табиатга қанчалик таъсир кўрсатиши ҳақида айтар эканмиз, инсон саломатлигига кўрсатадиган салбий таъсири ҳам ундан кам эмас. БМТ маълумотига кўра, тамакидан йилига 5,4 миллион, яъни ҳар 6 сонияда 1 киши ҳаётдан кўз юмар экан.

Юртимизда эса бу кўрсаткич йилига 30 минг кишини ташкил қилади. Бугунги кунда ҳар бешинчи йигит, ҳар йигирманчи қиз тамаки чекувчи ҳисобланади, доимий кашандаларнинг ҳар ўнтадан тўққизтаси бу зарарли одатни 25 ёшигача орттириб олган. 

Ўпка саратонига чалиниш хавфи

Тамаки таъсирида қолган чекмайдиган одамларда ўпка саратонига чалиниш хавфи юқорироқ. Чекувчиларнинг фарзандларида кўпинча ўпка функцияси пасайган бўлади, бу натижада катта ёшда сурункали респиратор касалликларга олиб келади. 

Бепуштлик

Чекувчилар бошқаларга нисбатан кўпроқ бепуштликдан азият чекишади. Бутун ҳаёти давомида тамаки чекувчилар ўртача 10 йилдан кам бўлмаган умрларини йўқотишади. Ҳар бир сигарет тортилиши билан танага токсинлар ва кансероген моддалар киради. 

Саратон 

Камида 70 та кимёвий моддалар саратон касаллигини келтириб чиқаради. Тамаки чекиш камбағаллик муаммосини чуқурлаштириши мумкин, чунки тамаки истеъмолчиларида саратон ва у билан боғлиқ эрта ўлим, юрак хуружи, нафас олиш йўллари ва бошқа касалликларга йўлиқиш хавфи юқорироқ бўлади, бунинг оқибатида улар оилаларини керакли даромаддан маҳрум қилишади ва тиббий хизмат харажатлари учун қўшимча маблағ талаб қилишади.

Тамаки сотиш бутунлай тақиқланган

Сигарет сотишни бутунлай тақиқлаган ягона давлат Бутан. Ундан ташқари, 2004 йилдан бери Норвегия, Янги Зеландия, Уругвай, Малта, Италия, Швеция, Шотландия, Литва ва Британия Виржиния ороллари каби давлатлар чекишни қаттиқ таъқиқ остига олди. Янги Зеландия давлатида тамаки маҳсулотларини 2006 йилдан кейин туғилган авлодга сотиш таъқиқланди. Натижада эса, катта кашандалар фоизини камайтирилди ва у орқали миллионлаб одамларнинг соғлигини сақлашга эришишди. 

Ўзбекистонда эса...

Ўзбекистонда эса 21 ёшгача бўлган шахсларга тамаки ва спиртли ичимликлар сотиш тақиқланганига қарамай, ҳали вояга етмаган ёшларнинг қўлида ҳам сигарет ёки электрон сигаретларни кўрасиз. Энг қизиғи эса жамоат жойларида чекиш мумкин эмаслигига қарамай, бемалол тутун ҳидидан баҳраманд бўлишингиз мумкин...

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot