$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Бухоро давлат университети талабаси жиноят содир этди

Фото: Ямал-Медиа Фото: Ямал-Медиа

Бухоро давлат университети талабаси ноқонуний операция орқали ўзганинг пластик картасидаги маблағни ўзлаштириб, фирибгарлик жиноятини содир қилди.

Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов маълум қилди.

Таъкидланишича, номаълум шахс Ғиждувон тумани «Тавариён» қишлоғида яшовчи 35 ёшли аёл С.Р.нинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини «Беш ташаббус» кўрик-танлови ҳакамлар ҳайъати раҳбари, деб таништирган. Аёлдан керакли маълумотларни олган ва унинг телефон рақамига кўрик-танловнинг махсус коди келиши, ушбу код рақамини ўзига билдиришини сўраган.

С.Р. ҳаял ўтмай, телефон рақамига «смс» орқали келган код рақамини нотаниш кишига жўнатган. Бир неча дақиқалардан сўнг С.Р.нинг қўл телефонига шахсий пластик картасидан 3 миллион сўм пулларнинг ечиб олингани ҳақида «смс» хабар келган.

С.Р. зудлик билан ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлимига билдирган. Ички ишлар ходимлари томонидан тезкор гуруҳ шакллантирилиб, суриштирув ишлари бошланган.

«Мазкур ҳолат жорий йилнинг октябрь ойидан содир этилган. Туман ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Олиб борилган тезкор-техник ва суриштирув-тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи 23 ёшли, Бухоро давлат университети талабаси Ш.Ҳ. содир қилгани аниқланди. Аниқлангунга қадар икки ойча вақт ўтди. Фуқароларимиздан ҳушёрликни сўраб қоламиз. Виртуал оламдаги кибер жиноятларнинг тури ҳам, кўлами ҳам ошиб бормоқда. Қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлару алдовлар қурбонига айланиб қолманг», — деди Шуҳрат Жалолов.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг мос даврига қадар вилоятда бундай турдаги жиноятлар сони 129 тани ташкил этмоқда. Уларнинг фақат 59 таси очиқланган. Қолган 70 та жиноят эгаси мавҳумлигича қолмоқда. 

Теги :
Jamiyat