$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда бош вазир ўринбосарлари сони камаяди ва улар бир вақтнинг ўзида бошқа раҳбарлик лавозимларида ишламайди

Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати Фото: Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати

Президентнинг маъмурий ислоҳотлар тўғрисидаги фармони билан бош вазир ўринбосарлари сони саккизтадан тўрттага қисқартирилади, бош вазир маслаҳатчилари лавозимлари тугатилади. Бош вазир ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида вазирлик ва бошқа раҳбарлик лавозимларини эгаллашлари тақиқланди.

Ўзбекистонда бош вазир ўринбосарлари сони икки баробарга қисқартирилади. Бу президентнинг «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

2023 йил 1 январдан бошлаб 8 нафар бош вазир ўринбосари ва 3 нафар бош вазир маслаҳатчиси лавозимлари ўрнига фақат 4 нафар бош вазир ўринбосари қолдирилади. Бош вазир ўринбосари бир вақтнинг ўзида вазир ёки бошқа раҳбарлик лавозимини эгалламайди ҳамда вазирликлар ва бошқа давлат идоралари фаолиятини тўғридан-тўғри бошқармайди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида амалдаги 269 та штатдан 120 таси қолади.

Бунда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалар бўйича котибиятлар, департаментлар ва улар ҳузуридаги бўлимлар, шунингдек, Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Ҳарбийлаштирилган тузилмалар фаолиятини молиявий ва моддий-техник таъминлаш бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш масалалари бўлимидан иборат Вазирлар Маҳкамаси аппарати тугатилмоқда.

Унинг ўрнига Ҳукумат раҳбари фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва протокол жиҳатдан таъминлайдиган Бош вазир котибияти ташкил қилинмоқда.

Вазирларнинг сиёсий мақоми, ваколатлари, президент, парламент ва жамоатчилик олдидаги сиёсий масъулияти ҳамда жавобгарлиги кескин оширилмоқда. Уларнинг соҳага ажратиладиган маблағларни ишлатишдаги мустақиллиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ажратилган маблағлар ва умумий штат бирлиги доирасида вазирларга ўз тузилмасини мустақил белгилаш ваколати берилмоқда.

Вазирлар конституциявий мақомидан фойдаланган ҳолда, бош вазир билан тўғридан-тўғри ишлайдиган тизим жорий этилмоқда. Яъни, Ҳукумат қарорлари лойиҳалари, мамлакат ҳаётидаги муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар вазирлар иштирокида муҳокама қилиниб, коллегиал ҳал этилади.

Вазирлик ва идораларнинг функциялари қайта кўриб чиқилиб, бир-бирини такрорлайдиганлари қисқартирилади. Бунда, хусусий секторга ўтказилаётган давлат функциялари камида 3 баробарга кўпайтирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага камайтирилиши, 20 та идора бутунлай тугатилиши ҳақида ёзган эдик.