$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Бош прокурор Урганчдаги деҳқон бозорида карантинга зид ҳолатларга дуч келди

Бош прокурор Урганчдаги деҳқон бозорида карантинга зид ҳолатларга дуч келди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг Хоразм вилоятига ташрифи давомида Урганчдаги марказий деҳқон бозорини кўздан кечирди. Бу ҳақида Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Бош прокурор бу ердаги аянчли санитария ҳолатига гувоҳ бўлган.

Биринчидан, бозорда коронавирус инфекцияси муносабати билан жорий этилган карантин қоидаларига риоя этилмаяпти.

Ҳатто, бозорда сотувчилар ҳам, харидорлар ҳам оддийгина ижтимоий масофа сақлаш қоидасини писанд қилмайди.

Турғун савдо растларида сотувчи ва харидор ўртасида полиэтилен ҳимоя тўсиғи ҳам ўрнатилмаган.

Умуман олганда, бозор маъмурияти карантин қоидаларига риоя қилиш чораларини кўрмаган.

Иккинчидан, гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган савдо расталари, бу маҳсулотларни сақлаш камералари санитария-эпидемиология талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Бозорда сотувчи ва харидорларга гигиенанинг ҳатто бирламчи қоидаларига риоя этиш учун зарур шароитлар яратилмаган. Бу борадаги ҳозирги аҳвол мазкур масала йиллар давомида бозор маъмуриятининг эътиборидан четда қолиб келганини англатади.

Бош прокурор шу ернинг ўзида Урганч шаҳар ҳокими ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарларига бир ҳафта муддатда бозордаги вазиятни амалдаги қонун ва қоидаларга мослаштириш бўйича қатъий талаб қўйган.

"Маълум маънода халқимизнинг турмуш тарзини ифода этадиган бозорларни ҳар томонлама намунали сақлаш бўйича вазифаларига лоқайдлик билан муносабатда бўлаётган мутасаддиларга Тошкент шаҳридаги бозорларни ўрганиб, тажриба алмашиш ҳақида кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, бозордаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи асоссиз ошишига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар ва уларни рўёбга чиқаришга масъул бўлганларнинг жавобгарлиги яна бир бор эслатиб ўтилди", дейилади хабарда.

Теги :
Jamiyat