$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Фарғоналик блогер 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди

Фото: Олимжон Ҳайдаров / Facebook Фото: Олимжон Ҳайдаров / Facebook

Блогер Олимжон Ҳайдаров митинглар ташкил этиш ва ўтказиш тартибини бузганлик, ёлғон ахборот тарқатганликда айбланиб, 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. У яқинда Фарғонадаги завод ишчиларининг норозилик намойиши акс этган видеони эълон қилганди, шундан сўнг 7 ишчи ҳибсга олинганди.

Фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров БҲМнинг 70 баравари ёки 21 млн сўм миқдорида жаримага тортилди. Бундай қарор сешанба куни Ўзбекистон вилоят жиноят ишлари бўйича суди томонидан қабул қилинди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Суд блогерни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202−2-моддаси 2-қисмида (жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатлари бўйича айбдор деб топди.

Унга мазкур кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўллаш) тартибида базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари (21 млн сўм) миқдорида жарима солинди.

Декабрь ойи бошида Олимжон Ҳайдаров Фарғона вилоятидаги Albus гипс заводи ходимлари туман ташкилотларида газ узилиши туфайли 10 минг аҳоли ишсиз қолганини даъво қилган видеони эълон қилган эди.

Фарғона вилоят ИИБ матбуот хизмати иш бўйича айрим тафсилотларни эълон қилди. Хабарда блогер «гўёки бошқа заводларда газ тақчиллиги йўқлиги, бу масалага мансабдор шахсларнинг алоқадорлиги ва ўнг минглаб ишчилар ишсиз қолаётганлиги важ қилиб, ҳақиқатга мос бўлмаган изоҳлар билан тарқатган».

Бошқарма маълумотларига кўра, 11 декабрь куни фуқаролар А. Т., Д. Н., У. Т. ва О. С. ариза билан мурожаат қилиб, унда жорий йилнинг 4−6 декабрь кунлари улар ишлаб келаётган завод ҳудудига ўзини блогер-журналист Олимжон Хайдаров деб таништирган фуқаро келиб, завод газ тармоғидан узилганлиги сабабли, тез орада ёпилиб фаолияти тўхтатилиши, оқибатда ишчилар ишсиз ва маошсиз қолишини айтган.

Блогер уларга заводда тўпланиб, норозилик намойишини уюштириб, бу ҳақда видео мурожаат қилишларини, шундагина завод қайтиб газ тармоғига уланиши мумкинлигини ва бу борада у ёрдам бера олишини билдирган.

«Бундан ташқари, иш материалларидан маълум бўлдики, О. Ҳайдаров намойишни қай тарзда видеога олишни ўргатганлигини, айрим иштирокчилар томонидан етарли даражада яхши гапира олмаганлиги, шунинг учун бошқалар гапириши кераклигини айтиб, намойиш қилганларни агрессив гапиришга ундаган, қайта дубллар орқали ушбу намойишни олдиндан режалаштиришда иштирок этган. Жорий йилнинг 6 декабрь куни эса бевосита ўзи иштирок этмасада, намойишни тасвирга олиш бўйича мутахассис билан гаплашиб, унинг ишларини ташкиллаштирган ҳамда тайёр видеоматериалларни ўзининг канали орқали тарқатган», — дейилади хабарда.

Бошқарма маълумотларига кўра, аризачилар уларни қонун бузишга чорлаган ўзини Олимжон Хайдаров деб таништирган шахсга нисбатан қонун доирасида чора кўришни сўрашган. ИИБ мазкур ҳолат тўлиқ ўрганилгани, «фуқароларнинг аризасида келтирилган важлар ва О. Ҳайдаровнинг ҳаракатлари ўз тасдиғини топган»ини қайд этди.

Бошқарма О. Ҳайдаровнинг бошқа заводларда газ ўчирилмагани, бу масалага мансабдор шахсларнинг алоқаси борлиги важ келтириб, ёлғон ахборот тарқатганини маълум қилди. Жумладан, Knauf корхонасининг табиий гази узилмагани, бунинг сабаби сифатида у раҳнамоликка олинганини мисол қилиб келтирган.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 7 декабрь куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.

Қайд этиш жоизки, МЖтКда «йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик» учун жавобгарлик бўлишига қарамасдан, қонунчиликда мазкур тартиб баён қилинмаган. Буни ўтган йили собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам тан олганди.

МЖтКга 202−2-модда эса 2020 йилнинг декабрида киритилган. Ўшанда Жиноят кодексига ҳам «Ёлғон ахборот тарқатиш» моддаси киритилганди.