$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Антимонополия қўмитаси бензин нархини сунъий оширган АЁҚШларга чора кўрилишини маълум қилди

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz» Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Биржа савдоларидаги бензин нархи ўсиши 10 кундан кейин АЁҚШлардаги нархларга таъсир қилиши мумкин. Бироқ айрим ҳудудларда аллақачон Аи-80 бензини нархи ошмоқда. Антимонополия қўмитаси бензинга талаб ошган вақтда нархни асоссиз ошираётган АЁҚШларга тегишли чора кўрилишини маълум қилди.

Республиканинг айрим ҳудудларидаги АЁҚШларда Аи-80 бензиннинг чакана нархлари ўртача 6 800 сўмдан 7 100 сўмгача ошгани кузатилмоқда. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълум қилишича, бунда биржа савдоларида кузатилган нарх ўсиши АЁҚШлардаги нархларга 10 кундан кейин ўз таъсирини кўрсатади.

«Бунда тадбиркорлик субъектлари томонидан харид қилинган бензин ўртача 5−10 кундан кейин юклаб жўнатилади ва сотувга чиқарилади. Яъни, биржа савдоларида кузатилган нарх ўсиши 10 кундан кейин АЁҚШлардаги чакана нархларга ўз таъсирини кўрсатиши мумкин», — дейилади хабарда.

Қўмита бензин нархлари доимий мониторинг қилиб борилиши ва нархларни сунъий равишда ошириш ҳолати аниқланса, субъектларга белгиланган тартибда тегишли чора кўрилишини маълум қилди.

5 декабрь куни биржа савдолари натижасига кўра Аи-80 бензин маҳсулотининг нархи 1 тонна учун ўртача 8 млн сўмни ташкил этиб, мазкур кўрсаткич ўтган ноябрь ойига нисбатан 4 фоизга ошган.

«Ўзбекнефтгаз» эса бу турдаги бензин нархи оширилмагани ва унинг 1 литри 6800 сўмлигича сақланиб қолаётганини маълум қилганди. Шунингдек, компания республика НҚИЗларида суткасига 4000 тоннадан бензин ишлаб чиқарилаётгани ва автомобиллар учун бу турдаги ёқилғи захираси етарли эканини қайд этди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси бензин нархларини сунъий оширишга, танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтиришга йўл қўймаслик учун, биржа савдоларига қўйиладиган Аи-80 бензинининг кунлик ҳажмларини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўряпти. Хусусан, 5 декабрь кунидан бошлаб биржа савдоларига қўшимча 1 минг тонна Аи-80 бензин қўйилди.

Қўмита республикадаги барча АЁҚШлардан автомобилларга газ қуйиш шохобчалари вақтинчалик ёпилиши эвазига бензинга бўлган талаб ошганлиги сабабли нархларни асоссиз оширмасликни сўради.