$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

АҚШ Ўзбекистонга 2,6 миллион долларлик тиббий ускуналарни топширди

АҚШ Ўзбекистонга 2,6 миллион долларлик тиббий ускуналарни топширди

Бугун, 3 сентябр куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан умумий қиймати қарийб 2,6 миллион долларга тенг бўлган 200 дона ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратини расмий равишда топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақида «Дунё» АА хабар берди.

Ушбу беғараз ёрдам Ўзбекистон эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда ўта зарур воситаларини етказиб бериш доирасида АҚШ томонидан ажратилган йирик кўмак тўпламининг бир қисми экани айтилмоқда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниэл Розенблум коранавирус пандемияси шароитида мамлакатлар ўз имкониятларини глобал тарзда ҳамжиҳатликда сафарбар этиш зарурлигини таъкидлади.

Ушбу мосламалар Американинг «Zoll Medical Corporation» компанияси томонидан Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимидаги муассасаларнинг техник инфратузилмасини инобатга олган ҳолда махсус буюртма асосида тайёрланган. Улар стационар даволанишда, ҳаво тиббий транспортида ёки беморларни тез ёрдам машиналарида ташиш пайтида интенсив терапия учун бирдек ишлатилади.

Аппаратлар ихчам ва ўрнатилиши оддий, шунингдек улардан инвазив ва ноинвазив вентиляция сифатида фойдаланиш мумкин. Бу эса ўзбекистонлик шифокорларга коронавирусга чалинган беморларни даволашда мослашувчанлик имкониятини беради.

Шунингдек, USAID агентлиги Ўзбекистон шифохоналаридаги тиббиёт ходимларига асбоб-ускуналарни хавфсиз ишлатишда ёрдам бериш учун тиббий таълим ва мазкур мосламаларга техник хизмат кўрсатишни ўз ҳисобидан молиялаштиради. Ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратларидан кўп йиллар давомида бошқа нафас етишмовчилиги касалликлари бўлган беморларни даволашда ҳам фойдаланиш мумкин.

АҚШ томонидан тақдим этилган ушбу аппаратлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика бўйлаб 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланади.