$
 12600.14
10.14
 13642.17
-23.02
 135.92
-0.05
weather
+26
Кечаси   +14°

Аномал иссиқ ортидан Навоий ИЭСда носозлик юзага келди

Аномал иссиқ ортидан Навоий ИЭСда носозлик юзага келди

Бугун, 7 июль куни соат 05:48да Навоий иссиқлик электр станциясининг буғ-газ қурилмаларини табиий газ билан таъминловчи 2-тармоқ газ қувурида газ сизиб чиқиш ҳолати юзага келди. Энергетика вазирлигига кўра, станцияни табиий газ билан таъминловчи газ қувурида юзага келган носозлик бартараф этилмоқда.

Мазкур ишларни тўлиқ якунлаш жараёнида Навоий иссиқлик электр станциясининг 1-сон буғ-газ қурилмаси вақтинчалик тўхтатиб турилади. Шу сабабли Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.

Вазирлик республикада июль ойида, айниқса 6-8 июль кунлари республиканинг суткалик электр энергияси истеъмоли 223 миллион киловатт соатгача етиши кутилаётгани, ушбу кўрсаткич ўтган мавсумнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга кўплигини билдирди.

Қайди этилишича, мамлакат сув омборларига сув келиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37 фоизга кам ёки кўп йиллик ўртача сув келишининг 48 фоизини ташкил этмоқда. Бу ҳолат гидроэлектр станцияларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг пасайишига олиб келяпти.

“Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дейилади Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.