$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди

Ўзбекистонда янги агентлик ташкил этилди

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси негизида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда ушбу агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Агентликнинг асосий вазифаларидан бири этиб истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек соҳани ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш белгиланди.

Агентлик:

—   алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;

—   истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширувчилар томонидан лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш;

—   алкоголь ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун корхоналар ўртасида истеъмол этил спиртини белгиланган тартибда тақсимлаш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Шунингдек, 2020 йил 1 августдан:

—   алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш, шунингдек умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берилади;

—   ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади;

—   ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга бўлади.