$
 12689.97
-15.03
 13557.96
14.43
 137.20
1.09
weather
+26
Кечаси   +14°

АҚШда Абдулла Орипов ҳақида фильм суратга олинмоқда

Фото: Oyina.uz Фото: Oyina.uz

АҚШда Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, мамлакат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов ҳақидаги бадиий фильми тасвирга олинмоқда. Бу ҳақда Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудиясининг ижодий гуруҳи Ўзбекистондаги тасвирга олиш ишларини якунлади. Ҳозирда фильмнинг съёмка жараёнлари АҚШнинг Хюстон, Лос-Анжелес ва Нью-Йорк шаҳарларида давом этяпти.

Фильмда Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилмоқда.

Бундан ташқари кинокартинада «Дўстлик» ордени соҳиби, шоир Шодмонқул Салом, маҳоратли ёш актриса Райҳон Асадова ва бошқа маҳоратли актёрларни ҳам кўриш мумкин.

Фильм режиссёри Музаффархон Эркинов Голливудда фильмнинг қайси эпизодлари суратга олинаётгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

"Абдулла Орипов ҳаётининг сўнгги ойлари АҚШда ўтган. У Техас штатининг Хюстон шаҳрида яшаган. Шу сабаб шоирнинг қизи Мавлуда Орипова хонадонида, шунингдек, шоир сайр қилишни жуда яхши кўрган Тинч океани соҳилларида эпизодлар суратга оляпмиз. Биз бу эпизодларни Голливудда суратга олдик. Фильмда шоирнинг набираси ҳам ўз образини ўзи гавдалантирмоқда", — дея таъкидлади Музаффархон Эркинов.

Фильм бош продюсери Фирдавс Абдухолиқов, сценарий муаллифлари Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова ва Фурқат Усмонов, постановкачи режиссёр Музаффархон Эркинов, постановкачи оператор Равшан Мирзакамолов. Фильм премьераси йил якунига режалаштирилган.

Теги :
Жамият