$
 12475.51
-4.63
 13471.06
23.71
 135.09
0.13
weather
+26
Кечаси   +14°

Сенат Раиси ва БАА Федерал миллий кенгаши раиси ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Бирлашган Араб Амирликларида расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилаётган тадбирларда Сенат раиси бошчилигидаги делегациянинг БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш билан учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва БАА парламентлари ўртасидаги муносабатлар изчиллигини таъминлаш, хусусан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, гендер тенглик ва ёшлар масалалари бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадга мувофиқ эканлиги билдирилди.

Сенат Раиси Т.Нарбаева парламентлараро ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги барча даражадаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим механизмларидан бири ҳисобланиши, олий даражада эришилган келишувлар асосида қабул қилинган “йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижроси устидан тизимли парламент назоратини ўрнатиш ҳамда бу соҳада Амирликлар парламенти билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва “халқ дипломатияси”нинг муҳим жиҳати ҳисобланган “дўстлик гуруҳлари” фаолиятини жонлантириш лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Икки давлат парламентлари аъзолари ҳамкорликнинг турли йўналишларида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплигини, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги тажрибадан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлади. Бунда парламентларнинг биргаликда савдо-иқтисодий, инвестиция, хизматлар соҳасидаги эришилган келишувларнинг амалга оширилишига хизмат қиладиган қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Томонлар БААнинг аёллар, болалар ва оилалар масалалари билан шуғулланувчи ташкилотлари ва уларнинг ўзбекистонлик ҳамкасблари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилишди.

Ўз навбатида, БАА Федерал миллий кенгаши Раиси Сақр Ғобаш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли, авваламбор, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишидаги ислоҳотларни юқори баҳолади. С.Ғобаш икки томонлама муносабатларда савдо-иқтисодий, инвестиция соҳасидаги ҳамкорлик Амирликлар учун устуворлигини айтиб ўтди. Президент Ш.Мирзиёев ушбу муҳим масалага алоҳида эътибор бераётганини инобатга олиб, БАА Федерал миллий кенгаши Ўзбекистонда инвестиция қонунчилигини такомиллаштириш соҳасида Олий Мажлис вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Суҳбат давомида кенг қамровли ҳамкорлик, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор эканлиги билдирилди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Федерал миллий кенгаши билан олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, тегишли қўмиталар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, электрон парламент жорий этишда тажриба алмашиш каби масалалар бўйича келишиб олдилар.