$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Болалар онкологияси билан боғлиқ муаммолар ва уларга ечими бўйича “давра суҳбати” ўтказилди

Болалар онкологияси билан боғлиқ муаммолар ва уларга ечими бўйича “давра суҳбати” ўтказилди

Жорий йилнинг 2 июнь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда «Ezgu amal» жамоат фонди ташаббуси билан Ўзбекистон волонтёрлари Ассоциацияси кўмагида ўтказилаётган «Ezgu amal» хайрия онлайн марафони доирасида «давра суҳбати» ташкил этилди. Унда иштирок этган шифокорлар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, давлат тузилмалари, жамоат ташкилотлари вакиллари болалар онкологиясининг долзарб муаммолари ва уларнинг ечимларини муҳокама қилди, шунингдек, аҳолига гематологик, онкологик хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Учрашувда қайд этилишича, Ўзбекистонда онкологик касалликларга қарши курашиш йўлида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Президентнинг 2017 йил 4 апрелдаги қарори билан 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш Дастури тасдиқланган, онкологик хизматни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланган. Кўрилаётган чора-тадбирлардан асосий мақсад — онкологик касалликлардан ўлим ҳолатини камайтириш ҳисобига аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва умр давомийлигини ошириш.

— Онкология — оғир ташхис, маълумотларга кўра, бугун у дунёдаги деярли ҳар олтинчи ўлимга сабаб бўлмоқда, - дейди «Ezgu amal» жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси Мунира Ходжаханова. — Агар саратоннинг белгиларини ўз вақтида аниқлай олсак, ташхис қўйсак ва керак вақтда тенг муолажаларни олсак, ҳар доим умид бўлади. Мамлакатимизда кўп тармоқли онкологик хизматларнинг оптималлаштирилиши, илмий тадқиқотлар натижаларининг амалиётга жорий этилиши саратон билан оғриган беморларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга, умуман уларнинг омон қолишига ижобий таъсир кўрсатади.

Д.Рогачев номидаги Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий-тадқиқот маркази президенти Александр Румянцев Россия тажрибаси ва саратон касалларини даволашда халқаро стандартларни жорий этиш жиҳатлари билан ўртоқлашди.

Тадбир давомида хайрия онлайн марафонининг дастлабки натижалари маълум қилинди. Унга кўра, жорий йилнинг 11 майидан 2 июнига қадар бемор болаларнинг тузалишига ҳисса қўшишни истаган инсонлардан 192 909 295 сўм келиб тушган. Шу жумладан, Payme, Paynet, Click, Apelsin тўлов тизимлари орқали 96 340 537 сўм, ezguamal.org веб-сайти орқали 29 558 758 сўм, юридик шахслардан махсус ҳисоб рақамига 67 000 000 сўм маблағ ўтказилган.

Теги :
Jamiyat