$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

ОТБ кредитлари эвазига Ўзбекистондаги 108 км автомобиль йўллари реконструкция қилинади

ОТБдан қарз олиниб, Ўзбекистондаги 108 км автомобиль йўллари реконструкция қилинади

ОТБдан 188 млн доллар қарз олиниб, Ўзбекистондаги 108 км автомобиль йўллари реконструкция қилинади. Бу ҳақда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталидаги Осиё тараққиёт банки иштирокидаги “4Р105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён автомобиль йўлининг 5-70 км ва 4Р-100 Мангузар -Жарқўрғон -Бандихон-Олтинсой-Денов автомобиль йўлининг 128-174 км қисмларини реконструкция қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор лойиҳасида айтилган.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитасининг қарор лойиҳасига кўра, лойиҳанинг теҳник-иқтисодий асосига кўра лойиҳа доирасида ОТБнинг улуши 188,0 млн АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистоннинг лойиҳани амалга оширишдаги улуши эса 33,4 млн АҚШ доллари, шу жумладан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар бериш шаклида 27,9 млн АҚШ долларини ташкил қилади.

Лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБ томонидан ажратилган қарз маблағидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган “Автойулинвест” агентлиги ҳисобланади.

Шунингдек, лойиҳанинг амалга ошириш муддати 6 йил (2 йил кафолат даврини ҳисоблаган ҳолда 2021-2026 йиллар) этиб белгиланади.

Бундан ташқари, қарор лойиҳасида ОТБнинг қарзини узиш, шунингдек, фоизларни тўлаш, қарз бўйича комиссиялар ва бошқа харажатлар билан боғлиқ тўловлар Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши қайд этилган.