$
 12300.09
20.08
 13404.64
-11.27
 136.58
-2.11
weather
+26
Кечаси   +14°

“Ёзиб қўй Пушти гендер дафтарингга”: Кечки Тошкент аёлларга ёпиқ шаҳарми?

No woman

Аёллар ҳуқуқи, гендер тенглиги ҳақида гап кетса, кўз олдимга доим виктимблейминг ҳодисаси келаверади. Инглиз тилидан олинган “виcтим blaming” ибораси “қурбонни айблаш” деган маънони билдиради. Бундай вазиятда одамлар жиноятчини айблаш ўрнига унинг ҳаракатларини оқлашга тушади, қурбоннинг ўзи сабабчи бўлган, дея таъкидлайди: яъни, ўзи шунгача олиб борди, сабабчи бўлди, кераксиз жойга борди ва ҳоказо. Афсуски, жамиятимизда бу тушунча жуда кенг ёйилмоқда…

КЕЙС: Журналист Инобат Аҳатова ўз саҳифасига қуйидаги постни жойлади:

“Тошкентга опамлар меҳмонга келганди. Кафеда овқатланиб, ёмғирдан кейин бироз сайр қилдик. Анҳор парки ёнидаги ташқарига чодир қўйиб жой қилинган, ширинлик ва туркча чой ичиладиган жойга кирамиз дедик. Биздан олдинроқ борган дугонам ва жияним телефон қилиб “Бизни киритишмаяпти, соат 22:30 дан кейин аёл-қизларга мумкин эмас экан, фақат эркакларга мумкин экан,” деди. Ҳайрон бўлдим. Доим бориб юрган жойимиз, аввал бунақа гап бўлмаганди.

Кейин ўзимиз бордик. Телефоним видеосини ёқдим. Ҳақиқатан, оқ кийимли эркакнинг айтишича, уларнинг янги ички қоидаси бўйича кечки 10 яримдан кейин аёлларга мумкин эмас экан. Сизнинг қонун-қоидангиз конституция ва қонунларимиздан устунми десам, қоидамиз шунақа, деди.”

Ушбу воқеа бошқа ижтимоий тармоқ фаолларини ҳам бефарқ қолдирмади. Жумладан блогер Шаҳноза Соатова:

“Ҳурматли тадбиркорлар, бизнес қилар экансиз, шахсий ва бошқа қарашларингиздан қатъи назар, қонунларни ҳурмат қилишга мажбурсиз. Ички қоидаларингиз қонунга зид келса, бир тийин”, — дея фикр билдирган.

Ҳуқуқшунос Камола Алиева эса 500 доллар жарима тўлагинг келмаётган бўлса, жинс бўйича камситишни тарғиб қилма, аёллар ва эркаклар тенг ҳуқуқлигини очиқдан-очиқ инкор этма, бу қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатма, бўлмаса 3 миллион сўмдан 6 миллион сўмгача жаримага тортиласан, дея ҳолатга ҳуқуқий баҳо берган.

Бу фикрлар нотўғри эмас, албатта. Негаки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 1892-моддасида: “Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, — дея белгилаб қўйилган.

Кўриб турганингиздек, юқоридаги ҳолат қонунга зид ва ушбу тадбиркор хатти-ҳаракати учун жавоб бериши керак. Бироқ воқеалар ривожини кузатар экансиз, ўз-ўзидан виктимблеймингга гувоҳ бўласиз.

Инобат Аҳатова қаторида ушбу воқеага норозилик билдирган бошқа аёллар ҳам ўз-ўзидан айбдорга чиқа бошлади. Ярим кечаси аёл кишига кўчада нима бор, феминистлар ҳижоб ўраган аёлларни ҳимоя қилмайди, диний мавзуларда муносабат билдирмайди, 28 ёшда ҳам турмушга чиқмаган каби гап-сўзлар билан қонунчиликка зид иш қилган тадбиркор эмас, ноҳақликка дуч келган ва бундан норози бўлганларнинг ўзи айбдорга чиқди қолди.

“Кечаси соат 22:00 дан кейин бурчак-сурчакларда юрадиган, кеч бўлганда фақат эркаклар тўпланадиган жойга борадиган, ёки трассада турадиган қизларга нафақат бизнинг оилада, балки бошқа ўзбек оилаларида ҳам нормал қаралмайди. Ёзиб қўй Пушти гендер дафтарингга”, — дея кескин фикр билдирган Х (Тwиттер) фойдаланувчиси Хуршид Марозиқов.