$
 12640.21
-49.76
 13559.15
1.19
 137.02
-0.18
weather
+26
Кечаси   +14°

Жиззахда вертолётда саёҳат қилиш имконияти яратилади

Фото: Anhor.uz Фото: Anhor.uz

Тошкентда "Ипак йўлида туризм" Тошкент халқаро туризм ярмаркаси бошлангани тўғрисида хабар берилганди. Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Синдор Раҳмонқулов вилоятда ички ва ташқи туризмга берилаётган эътибор ҳақида маълумот берди.

"Тошкент шаҳрида уч кун давомида Халқаро туризм ярмаркаси бўлиб ўтмоқда. Унда вилоятимиз павильонида кўплаб шартномалар имзоладик. Маълумки, Жиззах вилояти Зомин туманида 3 та йирик меҳмонхона қад ростлади. Президентимиз топшириқларига кўра 2023 йилда вилоятимизга 100 мингга яқин хорижий туристларни жалб қилишимиз зарур. Шу муносабат билан бизнинг жамоа ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Бунда юқорида таъкидлаганимдек, фаолиятини бошлаган меҳмонхоналаримизнинг ўрни катта. Шунингдек, Фориш туманига ҳам туристлар оқимини кўпроқ жалб қиляпмиз. Хусусан, Франция, Германия каби Европа мамлакатларидан сайёҳлар ташриф буюришяпти.
Бугунги ярмаркадан фойдаланиб, тур-операторларимизни ҳам жалб қилганмиз. Куни кеча Малайзия вакиллари ташриф буюришди. Улар Жиззах ҳақида етарлича маълумотга эга эмас экан. Вилоятимиз ҳақида батафсил маълумот берганимиздан сўнг уларда бу ҳудудга нисбатан қизиқиш ортди ва бир қанча шартномалар имзолашга муяссар бўлдик.
Вилоятимизда ўзгаришлар катта. Биргина мисол, яқинда ‘Афросиёбʼ тезюрар поезди Даштободда тўхтаб ўтадиган бўлди. Бу ҳам бизнинг ютуғимиз. Туристларга ҳам бу қулай. Чунки улар Даштобод ҳамда Жиззах шаҳрига бир кун вақтини ажратиб, кейин зиёрат туризми йўлида Самарқанд ва Бухорога боришлари мумкин", — деди Синдор Раҳмонқулов.

Шунингдек, ҳоким ўринбосари Жиззах вилоятида туризмининг қайси йўналишига эътибор берилаётгани ҳақида маълумот берди.

"Туризмнинг ўзи локомотив ҳисобланади. Юқорида таъкидлаганимдек, вилоятимизда туризмнинг барча йўналишлари учун шароит мавжуд. Шунинг, биз яна бир йўналишни очишни мақсад қилиб қўйганмиз. Uzbekistan Airways компанияси билан вертолётларда саёҳат қилиш имкониятини яратамиз. Ҳозирда улар билан келишувга эришилмоқда. Нархлари ҳам қиммат эмас. Ички ва хорижий туристлар учун ҳам ҳамёнбоп", — дея сўзини якунлади Раҳмонқулов.
Теги :
Жамият