$
 12694.96
23.12
 13508.71
39.81
 134.66
0.02
weather
+26
Кечаси   +14°

Йил бошидан бери Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1,7 млрд долларга камайди

Фото: iStock Фото: iStock

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига 35,14 млрд долларни ташкил этган Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 декабрь ҳолатига 33,44 млрд долларгача пасайди. Ўтган давр мобайнида олтиннинг физик ҳажми ва қиймати сезиларли даражада ошган бўлса-да, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 3,14 млрд долларга камайган.

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари тўғрисидаги маълумотларни янгилади.

2022 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 33,44 млрд долларни ташкил қилган. Таққослаш учун бу кўрсаткич 2022 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, 32,31 млрд доллар бўлган. Рақамлар ўтган бир ойда Ўзбекистоннинг расмий захиралари 1,13 млрд долларга кўпайганини кўрсатмоқда.

Ноябрь ойи давомида олтиннинг физик ҳажми(12,8 млн троя унция) ўзгармаган бўлса-да, қиймати 21 млрд доллардан 22, 46 млрд долларга ошган. Бу асосан ҳисобот даврида жаҳон бозорида олтин нархларининг қимматлашгани билан боғлиқ.

Шунингдек, захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 10,29 млрд доллардан 9,93 млрд долларга камайган.

«Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 1,7 млрд долларга ёки 4,83 фоизга камайди. Бунда олтин нархи йил бошидаги 1799,25 доллардан 1759,65 долларгача пасайишининг таъсири 0,51 млрд долларни ташкил қилди», - дейилади Марказий банк изоҳида.

Захиралар мамлакатнинг “хавфсизлик ёстиқчаси” ҳам ҳисобланади – улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.