$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида UNICEF ва Ички ишлар вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази ҳамкорликни бошлади.

unicef

Жаҳон миқёсидаги маълумотларга кўра, Интернет фойдаланувчиларининг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади ва ҳар ярим сонияда бир бола биринчи маротаба Интернет тизимига киради.

8-февраль куни бутун дунёда нишонланадиган Хавфсиз интернет кунида UNICEF ва Ички ишлар Вазирлигининг Киберхавфсизлик маркази болаларни онлайн зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ҳамкорликни бошлади. Тадбирда Парламент аъзолари, Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.

«Болаларга нисбатан зўравонлик масаласини ҳал этиш учун ота-оналарнинг билим ва кўникмаларини яхшилаш, болаларнинг хабардорлигини оширишни, ижтимоий хизматлар ва болаларни ҳимоя қилиш соҳасидаги кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш ҳамда кучли қонунчиликни ҳамда институционал базани, жумладан маълумотларни тўплаш ва бошқариш тизимини талаб қилади»,деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Интернетдан тўғри фойдаланилса ва барчанинг бунга имкони бўлса, у дунё бўйлаб имкониятларни кенгайтириши ва ижодга рағбатлантириши мумкин. Бироқ бу имкониятлар болалар учун турли шакллардаги жиддий хавф ва таҳдид билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Кибер қўрқитиш, кибер таъқиб қилиш, кибергруминг, яъни ёмон ниятда болалар билан дўстона муносабатларни ўрнатиш шулар жумласига киради.

«Ҳозирги глобаллашув асрида ёшларнинг дунёқараши кун сайин ўзгариб бормоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири уларнинг замонавий ахборот коммуникасияларидан фаол фойдаланиши, дунёда рўй бераётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан тез хабардор бўлиши билан ҳам изоҳланади. Шу нуқтаи назардан, аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этувчи мамлакатимизда уларга нисбатан кибертаҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этади», деди Ички ишлар вазирлиги Киберхафсизлик маркази бошлиғи Бехзод Мамаджанов.

Интернетда ва реал ҳаётда болаларга нисбатан зўравонликка қарши кураш бўйича келгусидаги қадамлар сифатида иштирокчилар идоралараро ҳамкорликни яхшилаш, фуқаролик жамияти ташкилотларининг фаол иштирокини, ота-оналар ва мутахассисларнинг болаларни қўллаб-қувватлаш ва онлайн таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича хабардорлигини оширишни тавсия қилдилар.