$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Жарималар "енгил"ми ёки одамларни "қўли узун"?

daraxt kesish

Қонунчиликка кўра, ҳар қандай моддий зиён етадиган қонунбузарликлар аниқланганида, айбланувчидан жаримадан ташқари етказилган зарар миқдори ҳам ундирилади. Дарахтларни ноқонуний кесишда ҳам ушбу мезонга амал қилинади. 

Ўзи ноқонуний дарахт кесишга жарима қанча?

 2023 йил якунида Сенатда маъқулланган қонунга кўра, дарахтларни ноқонуний кесган фуқаролар 8,5 миллион сўмдан 25,5 миллион сўмгача, мансабдорлар эса 17 миллион сўмдан 34 миллион сўмгача жарима ёки 15 суткалик қамоқ жазоси билан жазоланиши ҳамда 1 туп дарахт кесган шахс унинг ўрнига 100 туп дарахт экиши белгиланиши керак бўлган. Аммо президент Шавкат Мирзиёев ушбу ўзгаришни рад қилган.

Амалдаги қонунда ҳужжатга кўра, дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ҳуқуқбузар етказган зиёнига қараб товон пули тўлаши ҳам амалда белгиланган. Жарималар миқдори оддий кўринса-да, етказилган зарар миқдорини олдида жарима арзимагандек кўринади. Шунга қарамасдан, табиатга етказилган зиённи пул билан қоплаб бўладими? 

Жорий йилги қонунбузарликлар 

Бундан бир кун олдин Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ҳоким ёрдамчиси буйруғи билан 20 та наъматак бутаси ва 5 та олча дарахтини ноқонуний кесилганлиги аниқланганди. Унга кўра, мазкур қоидабузарлик сабаб табиатга 9 млн 350 минг сўм зарар етказилган. Ҳоким ёрдамчиси эса 3 млн 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилган. Шунингдек, ҳуқуқбузар қилмиши учун жами 12 миллион 750 минг сўм миқдорида товон тўлаши белгиланган эди

Бугун ҳам Андижонинг Асака туманда кўп йиллик 6 туп “чинор” дарахтлари кесилганлиги ҳолати аниқланди. Суриштирувлар давомида, мазкур чинор дарахтлари кесилиши бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли рухсатномалар олинмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни талабларини қўпол равишда бузилганлиги ва бу билан ўсимлик дунёсига 317 050 000 сўм миқдорида зарар етказилганлиги маълум бўлди. Масъуллар томонидан эса ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилганлиги айтиб ўтилган холос. 

Маълумот учун, 2023 йил 11 ой ичида 3,5 мингдан зиёд шу турдаги ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 6,5 млрд сўм жарима ва 8,3 млрд сўм зарар суммалари белгиланган. Хўш, ушбу қонунбузарлик кўп содир этилишига сабаб жарималарнинг камлигими ёки жавобгарликни писанд қилмайдиган "қўли узунлар"ми?

Дарахтларга паспорт берилаётганидан хабарингиз борми? 

Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси давомида, республиканинг барча ҳудудларидаги дарахтлар рақамлаштирилиб чиқилиши, амалиёт сифатида эса Тошкент шаҳридаги дарахтларга паспорт берилиши кўзда тутилган эди. Бу ишлар бошланганлиги ҳақида ҳам сайтда мақола жойланган. Унга кўра, шу кунгача жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилиб, 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилган. Агар ушбу амалиёт бутунлай амалга оширилса, дарахтларни кесишда рухсатнома олиш масаласи бир мунча мураккаблашиши мумкин. Бундан ташқари, юқорида таъкидланган рад этилган жарималар ҳам қайта дастурга киритилиб, амалиётга татбиқ этилиши ҳам табиий.