$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

“Қора дайжест”: 2024 йил 31 январь воқеалари

1 31

АЁҚШда сифатсиз автобензин ёқилғиси сотилганлиги аниқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мирзаобод тумани бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармасининг “I.P.” МЧЖга қарашли АЁҚШда ўтказилган текширув ҳужжатлари ўрганилганда ушбу АЁҚШда 10 730 литр АИ-92 маркали автобензиннинг октан сони бўйича сифат кўрсаткичи давлат стандарти параметрларига мос келмаслиги, шунингдек МЧЖ томонидан мижозларга сифатсиз ёқилғи сотилганлиги натижасида 12 нафар фуқаронинг автотранспорт воситасига 103,2 млн сўм моддий зарар етказилганлиги аниқланган.

“Ўрмонқурилиш” мансабдор шахслари пора билан ушланди

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Ўрмон хўжалиги агентлиги ҳузуридаги давлат унитар корхонаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази мансабдор шахслари қўлга олинди. Маълум бўлишича, мазкур ташкилотларда Фарғона вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорнинг аризаси асосида текширув ўтказилган.

Текширув давомида маълум бўлишича, мазкур ташкилотлар мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, тадбиркордан қурилиш лойиҳалари бўйича пудрат шартномаларини расмийлаштириш эвазига 43 минг доллар ва 111,5 миллион сўм пул ундирган. Қайд этилишича, улар бу пулни пора тариқасида олган.

ЙТХда бир киши ҳалок бўлди

2024 йил 30 январь куни соат 16:45 ларда Термиз тумани Гулбаҳор маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р 99 автомобиль йўлининг 25 километрида 1989 йилда туғилган ҳайдовчи Nexia 3 автомашинасини юқори тезликда бошқариши оқибатида эҳтиётсизлик қилиб йўлнинг ўнг томон четига чиқиб ағдарилган.

Йўл транспорт ҳодисаси оқибатида автомашина салонида йўловчи сифатида ҳаракатланган 2003 йилда туғилган аёл олган тан жароҳатлари сабабли вафот этган. Автомашина ҳайдовчиси эса туман шифохонасига ётқизилди.

Қашқадарёда дарахт кесган ҳоким ёрдамчиси жаримага тортилди

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида ҳоким ёрдамчиси 20 та наъматак бутаси ва 5 та олча дарахтини ноқонуний кесгани аниқланди. Дарахтлар кесилиши оқибатида табиатга 9 млн 350 минг сўм зарар етказилгани аниқланди. Ҳоким ёрдамчиси 3 млн 400 минг сўм миқдорида жаримага тортилди. Шунингдек, ҳуқуқбузар қилмиши учун жами 12 миллион 750 минг сўм миқдорида товон тўлайдиган бўлди.

Меҳр кутган болага "калтак" берган ота

Ижтимоий тармоқларда ота 4 ёшли боласини дўкондан ширинлик ва ўйинчоқлар олиб беришини сўрагани учун ҳақоратлаб, калтаклагани акс этган видео тарқалди. Бош прокуратура ҳолат Термиз шаҳрида 42 ёшли эркак томонидан содир этилгани ва унга нисбатан очилган маъмурий иш судга юборилганини билдирди.