$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Дарахтларни рақамлаштириш ҳамда паспорт бериш бошланди

daraxt

Экология вазирлиги айни дамда республикамиздаги барча дарахтлар рақамлаштирилиб, хатловдан ўтказилаётганини маълум қилди.

3 босқичли амалиёт

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 ноябрдаги “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, ”Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 199-сон Фармонига кўра мамлакатдаги дарахтлар рақамлаштирилиши керак эди. Шу билан бирга Тошкент шаҳридаги дарахтларга синов тариқасида паспорт бериш кўзда тутилган эди. Бугунги кунда бу борадаги ишлар аллақачон бошланган. 

Маълумот учун, дарахтларни паспортлаштириш 3 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган:

- 1 босқичда аерокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади;

- 2 босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг тури, ёши, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатасини акс эттирувчи маълумотлар базаси шакллантирилади;

- 3 босқичда маълумотлар базаси асосида “Яшил макон” электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.

Амалга оширилган ишлар

Бугунгача 1 босқич доирасида барча вилоятлардаги яшил қоплам майдони аниқланди. Бунда ҳудудлардаги барча дарахтлар ва буталарнинг майдонига, сунъий йўлдошлар орқали олинган фотосуратлардан фойдаланиб, геоахборот тизими орқали ишлов берилди. Бундан ташқари, вазирлик ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти билан бирга сунъий йўлдошдан олинган космик суратлар, масофадан зондлаш, геоахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида юртимиздаги барча дарахтлар хатловдан ўтказилиб, жойлашув координаталари, сони аниқланди ҳамда рақамли харитаси яратилди.

Шунингдек, дарахтларнинг саноғини амалга оширишда 5 ёшдан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинди. Мазкур тадқиқот ишлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча вилоятлар ва туманлар кесимида амалга оширилди. Шу кунгача жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди.

“Бунда АҚШ, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Германия ва Япония каби давлатларнинг тажрибалари ўрганилди.” – дейилади хабарда.

Қолган босқичлар-чи?

Шу билан бирга, 2-3 босқичларда хатлов ишлари инспекторлар томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Бунда “Яшил макон” электрон платформаси такомиллаштирилиб, дарахтлар хатлови бўйича дарахтлар реестри тизими жорий этилди. Ушбу тизим орқали махсус планшетлар ёрдамида дарахтларнинг тури, диаметри, ҳолати, координатаси, фотоси, ва масъул ташкилот тўғрисидаги маълумотлар киритилиб борилмоқда.

Қўшимча қилиш керакки, ҳозирги кунда республика бўйича жами 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилди.

Теги :
Jamiyat
Iqtisodiyot