$
 12910.15
-14.77
 14660.77
40.1
 159.78
-0.16
weather
+26
Кечаси   +14°
oguads

Тотализатор ўйинлари нафс қопқони(ми?)

Totalizator bukmeyker onlayn qimor

Ижтимоий тармоқларда янгиликларни ўқир эканмиз, фалончи жойнинг тугунчи ходими фалон-фалон суммаларни қиморга тикиб юборгани, яна кимдир қиморда ютқазиб, катта суммага "тушиб" қўйганлиги сабаб, ўз жонига қасд қилгани ҳақида ўқиб, бироз муддатга бўлса-да, тушкун кайфиятга тушиб қоламиз. Шу каби хабарларни ўқиш давомида ва ўқиб бўлгача, хаёлингизга келадиган маълум бир саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Хўш, онлайн қимор ўзи нима? Нега бу қадар муккасидан кетиш ҳоллари кузатилади? Қонунчилик муносабати қандай?

Тотализатор 

Тотализатор — бирор йўналиш ёки ўйинда қайсидир тарафнинг бошқа, рақиб томони устидан зафар қучишини тахмин қилиб, ўзи ишонган маълум бир шахс ёки жамоага пул тикишдир. Аниқроғи, онлайн казино, яна ҳам соддалаштирсак — қимор.

 Ўрта асрларда бу Европа мамлакатлари, хусусан, британ ҳудудларида от спорти мусобақаларида оммалашган. Кейинчалик АҚШда ҳам кенг ёйилган. Илк букмекерлик компаниялари Англияда тузилган. Вақт ўтиши билан барча соҳалар каби спортга пул тикишнинг ҳам онлайн усуллари руслар томонидан ишлаб чиқилди ва улар бу жараённи смартфонларга кўчирди. Шу тариқа 2007 йили Москвада спортга пулларни онлайн тикиш мумкин бўлган визуал иловалар пайдо бўлди. Бошида бу ўйинни одамлар яхши кутиб олмади,сабаби ҳали ҳам онлайн битадиган ишларга ишониш қийин эди. Аммо орадан кўп ўтмай, “1 хбет”, деган илова шу даражада оммалашдики, ҳатто, спорт билимдонлари ҳам бунга қизиқиб, компания билан шартномалар имзолай бошлади.

2012 йилга келиб, бундай тотализаторлар сони сезиларли ошди. Шунингдек, айрим онлайн казино компаниялари ёпилиб, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилди. Сабаби, уларнинг мақсади фирибгарлик йўли билан пул тўплаш эди. 2016 йилдан бошлаб “1 хбет”, “мостбет”, “ленабет” каби онлайн беттинг иловалари дунё бўйлаб кенг ёйилди.

Лудомания 

Тотализатор ўйинлари жуда осонлик билан руҳий ҳасталикка айланади. Бу ҳолат фан тилида “лудомания” деб номланади. Инсон онлайн пул тикиш ўйинларини ўйнай бошлагач, худди, наркотикка боғланиб қолгандек пул тикишга ўрганиб, иродасидан маҳрум бўлади. Инсон шу даражага келадики, қимор қулига айланади, ўзини бошқара олмай қолади. Бу дард даволаниши жуда қийин бўлган касалликлардан. Тотализаторнинг қурбонлари оиласи, керак бўлса, яқин инсонлари ва дўстларининг ҳам пулини онлайн ўйинларга тикиб юборади. Шу ҳам етмагач, қарзлар, кредитлар ола бошлайди ва ўзини туби йўқ жарга улоқтирганини билмай қолади. Инсон табиатига кўра, муваффақият ва бойликка осон эришишни хоҳлайди. Етарлича билим билан бойитилмаган онг эгаси меҳнат-машаққатсиз осон бойиб кетиш пайида бўлаверади. Бугунгидек атрофи тўла осон топилажак бойлик ҳақида реклама ва намойишларга тўла жамиятдаги инсонлар учун бу айни муддаодек кўринса, ажаб эмас.

Бундай жамиятларда инсонлар ичимлик қопқоғидан ёки қандайдир егулик маҳсулотлари ичидан ўз бахтини қидириб яшайди.

Ўзбекистоннинг букмекерлик фаолиятига муносабати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнида акс этган. Унда давлат раҳбари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига Рақамли технологиялар, Иқтисодиёт ва молия, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда махсус ишчи гуруҳни ташкил қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди. қизиғи, 2019 йилнинг декабрь ойида Шавкат Мирзиёев 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик шохобчаларини очишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Аммо 2022 йил апрель ойи охирида президент букмекерлик конторлари бўйича олдинги қарорини бекор қилган.

Қонунчиликда қандай жавобгарлик бор?

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистонда қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва реклама қилиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги 176-сонли қарорига асосан, 2007 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида қимор ўйинларини ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни (шу жумладан тотализаторлар) ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш, ўтказиш учун хизмат кўрсатиш ёки уни тарқатиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Ушбу кодекснинг 178-1-моддаси иккинчи қисмига кўра фуқаролар ва мансабдор шахслар томонидан реклама қилиниши қонунчилик билан тақиқланган маҳсулотни реклама қилганлик учун БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солиниши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига кўра, Ўзбекистон ҳудудида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, шунингдек, телекоммуникация тармоқлари ва интернетдан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламаси тақиқланган.

Мазкур қонуннинг 47-моддасига биноан, реклама қилиниши қонунчиликда тақиқланган маҳсулот тўғрисида реклама тарқатганлик – БҲМнинг 100 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Легаллаштириш қанчалик фойдали 

Онлайн қиморга доир фаолиятларни қонунийлаштириш ҳақидаги таклифлар бот-бот бўй кўрсатиб турадию Чунки, юқорида айтилганидек. бу фаолиятдан мўмайгина фойда кўраётганлар ҳам оз эмас. Дейлик, ушбу фаолият легализация қилинса ва легитимлаштирилса, жамиятга фойдаси борми? Бу ҳақида иқтисодчи, блогер Жамшид Муслимов шундай фикр билдиради:

“Букмеккерликни легаллаштириш давлат бюджетига катта солиқ тушумини туширади” дейдиганларга жавобимиз: 

Биринчидан, қимор ўйинида асосан ижтимоий ва руҳий заифлашиб қолганлар ҳисобидан солиқ йиғиш айни адолатсизликдир.

Иккинчидан, букмеккер даромадининг 99 фоизи солиқ қилиб олинган тақдирда ҳам қиморбозликнинг жамиятга келтирган қақшатқич зиёнининг 1 фоизини ҳам қоплай олмайди! Қанчадан қанча оилалар бахтсиз бўлиб болалар тирик етим қолади, қанчадан қанча инсонлар ижтимоий фойдали меҳнатдан чалғийди, яна қанчалари жиноят кўчасига кириб кетади. 

Давлат мансабдорлари инсофларига қулоқ тутиб букмекерликни лоббизм қилаётганларга кескин рад жавобларини берилшлари зарур. Бунинг ўрнига одамларни тадбиркорлик фаолияти, янги билим ва кўникмаларни ортиришга қаратилган турли лойиҳаларни имкон борича тарғиб қилиш, ҳалол меҳнат ва ижодлари билан катта ютуққа эришган ватандошларимизни оммага олиб чиқиб ёшларга намуна сифатида кўрсатишга эътибор берилса жамият гуллаб яшнайди. Давлатнинг асосий мақсади ҳам шу эмасми?"


Бу мавзу юзасидан жуда кўп деталларга бирма-бир ихтисослашган ҳолда кириб бориш мумкин. Лекин, ҳозирча шу ерда тўхтаймиз. Бу мавзуга ҳали қайтамиз, азиз ўқувчи.