$
 12928.27
18.47
 13462.21
46.35
 129.66
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

“Тошкентомания”: Эҳтиёж ҳамма жойда, ечим фақат марказда

Toshkent

Вилоятлилар пойтахтдагига ҳавас қилади

Пойтахтлилар омадлиларга

Омадлилар биринчиларга.

(Тилланисо)

Борган сари жамият ҳаётида шаҳарларнинг роли ва унда яшаш истаги ортиб боряпти. Ҳозирги вақтда ўқиш, иш сабабли пойтахтга интилаётган ва шу ерда қолиб кетаётган инсонларни кўп учратишингиз мумкин. Бамисоли, “Тошкентомания” деган янги вирус урчигандек. Ўзи “Тошкентнинг тариғини еган чумчуқ Маккадан қайтиб келибди”, деган гап бугун қандай маънони ифодалаяпти?

Тенглик йўқлиги...

Ҳам моддий, ҳам маънавий имкониятларга тўлақонли эга бўлмаган муҳитда улғайган инсонлар, ўзининг ҳамда фарзандларининг келажаги яхшироқ бўлиши учун ҳаракат қилади. Бунда асосий эшик – Тошкент, деб ўйлашади. Аслида шаҳарлашиш, кўпроқ имкониятларга эга бўлиш учун фақатгина пойтахтга эмас, вилоят марказларига ҳам кўчиб ўтиш мумкин. Масалан, бошқа давлатларда, хусусан, Германияда пойтахт ва шаҳарларнинг имконият даражаси деярли фарқ қилмайди. Аҳолининг кўпчилиги ҳам бинолар билан ўралган катта шаҳарлардан кўра, ўрта ва кичикроқ, табиати, ҳавоси тоза бўлган шаҳарларда яшашни афзал кўришади. Транспорт тизими ҳам шундай ташкиллаштирилган: кичкина шаҳарда яшаб, иш учун катта шаҳарга бемалол қатнаш мумкин. Яъни фақатгина пойтахтни эмас, бошқа шаҳарларни ҳам “кенг имкониятлар шаҳри”, деб ҳисоблашади. Бизда эса Тошкентга нисбатан “бошқа республика”дек қарашлар бор. Чунки вилоятларимиздаги имкониятлар билан пойтахтники тенг эмаслигини сезиш қийин эмас. 

2016 йилда Тошкентга келиб, 7 йилдан сўнг вилоятга қайтган Нуриддин Камардинов: 

“Марказлашиш соҳага қараб ҳам фарқ қилади. Баъзи соҳаларда ривожланиш учун вилоятларда деярли имконият йўқ. Баъзи соҳаларда Тошкентдан кўп ҳам фарқ қилмайди. Лекин Тошкент яшаш учун борган сари ноқулайлашиб боряпти. Шуни ҳам ҳисобга олиш керак. Коммунал хизматлар, айниқса транспорт, бир жойдан иккинчи жойга боришга кўп вақт кетяпти. Юқори малакали мутахасис бўлиб, вақтингиз қимматлашганда, бу муаммо яна ҳам билинади. Мен IT мутахассисиман. Ўрганиш пайти Тошкентда имконият кўп, лекин тажриба йиғиб олгач, вилоятда масофавий ишлаган қулайроқ” – каби фикрларни билдирган.

Копирайтинг бўйича мутахассис Эъзозхон Исматова эса:

“Мен Навоийликман. Бизда яшаш учун ҳамма шароит, имкониятлар бор. Шунга қарамасдан Тошкентга интиламан. Чунки Тошкент барибир бир неча қадам олдинда ва у ерда иш йўқотишдан қўрқмайман. Копирайтинг бўйича компанияларда, ўқитувчилик бўйича университетларда ишлашим мумкин. Навоийда эса кўпчилик ҳатто копирайтинг нималигини тушунишмайди, ишлаш учун фақатгина дипломимга қараб қоламан,” – дея ёзиб қолдирган.

Оқим фақат пойтахтга бўлмаслиги керак

XIX асрда саноат инқилоби натижасида аҳолининг шаҳарларга кўчиб бориши, йирик шаҳарларнинг кўпайиши, шаҳар турмуш тарзи ва маданиятининг қишлоқ жойларига кириб бориши билан боғлиқ бўлган урбанизация жараёни ривожлана бошлаган. 2020 — 2023 йилларда жаҳон урбанизация даражаси 1,73 фоизга ўсган ва айни вақтда 57,5 фоизни ташкил қиляпти. Шаҳарда илм олиш, юқори маош эвазига ишлаш имконияти, ишсизлик даражасининг камлиги қишлоқлардаги аҳолининг кўчиб келишига асосий сабаблардан ҳисобланади. Умуман олганда бу жараён ижобий. Чунки ҳар бир давлатнинг иқтисодий томонлама ривожланганлик даражасини урбанизация орқали ҳам кўриш мумкин. Лекин бу фақатгина пойтахтга нисбатан бўлиши бир қатор муаммоларни келтириб чиқариши табиий. Жумладан, аҳолининг зичлиги, йўллардаги тирбандлик, қурилишлар, машиналарнинг кўплиги, одам сони ортиб кетиши ҳисобига ҳавонинг ифлосланиши, соғлиқни сақлаш муаммолари, вилоятларда кадрларнинг етишмаслиги, қишлоқ хўжалиги ва ундаги иш кучининг камайиши ва ҳк. Қолаверса, бу жараён ижтимоий-иқтисодий сфераларга, табиий ресурсларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Шунга қарамасдан одамларнинг пойтахтга оқими тобора кучайиб боряпти. Агар ривожланиш битта эмас, ҳамма шаҳарга қаратилса, одамларнинг эҳтиёжига қараб ҳар бир шаҳар ўзига хос хусусиятга эга бўлса, юқоридаги муаммолар бартараф этилиши мумкин.