$
 12149.84
7.74
 14003.91
-76.07
 151.10
0.57
weather
+26
Кечаси   +14°

Чангли бўрон, қурилишлар, дарахтларнинг кесилиши. Тошкент ҳавосининг ифлосланиши қандай юз бермоқда?

Фото: Ижтимоий тармоқлар Фото: Ижтимоий тармоқлар

Мана бир неча ойдирки Тошкент ҳавоси ифлосланиши бўйича дунё рейтингларидан юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Ўзи умуман олганда сўнгги йилларда бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришлари кенг кузатилмоқда. Аномал иссиқ туфайли сув захираларининг тугаб бориши қурғоқчиликларни келтириб чиқармоқда. Тошкентда кузатилаётган ҳолат шу жараённинг бир қисмидир.

Сўнгги ҳафталарда Тошкент ҳавосининг ифлосланиши ижтимоий тармоқларда жуда кенг муҳокама қилинди. Хўш, пойтахтдаги бундай кескин ўзгаришларга, иқлимнинг исиб кетишига, ҳавонинг ифлосланишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда? Ёки бу глобал иқлим ўзгаришларининг таъсирими? Қуйидаги мақолада шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Экспертларнинг фикрича, ҳавонинг ифлосланишига бир қанча омиллар сабаб бўлади. Аввало, тарихан олиб қараганда, цивилизациялар ривожланиши аста-секинлик билан ҳаво ифлосланиши даражасига таъсир кўрсатиб борган. Бугун ҳам саноатнинг ривожланиши атмосфера ҳавоси ифлосланишининг асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, баъзи бир табиий офатлар, вулқон отилиши, қум бўронлари ва ҳоказолар ҳам ҳавонинг ифлосланишига сабабчи бўлиши мумкин.

Тошкент ҳавосининг ифлосланиши юқоридаги омилларга боғлиқлигини тушуниш аслида қийин эмас. Чунки пойтахтда охирги йилларда авж олган қурилиш ишлари туфайли атмосферага одатдагидан кўра кўпроқ чанг ва қум зарралари кўтарилиши кузатилмоқда. Бундан ташқари, автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар ҳам асосий ифлослантирувчи манбалар бўлиб қолмоқда. Жумладан, 2019 йилда эълон қилинган статистикага кўра, Ўзбекистон бўйича 2018 йилда атмосферага 2 миллион 449 минг тонна заҳарли газ чиқарилган бўлса, уларнинг 60 фоизи автотранспорт воситалари ҳиссасига тўғри келган ва бу ривожланган давлатларда белгиланган стандартлардан 3 баравар кўп демакдир. Тошкент шаҳри миқёсида оладиган бўлсак, шу йили Тошкент ҳавоси 426 тонна заҳарли газ билан ифлослантирилган. Бунда автотранспорт воситалари улуши 395 тонна ёки 90 фоизни ташкил қилган.

Экология қўмитаси маълумотларига кўра, 2018 йилда атмосферага чиқарилган умумий моддаларнинг 36,2 фоизи саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келади. Саноат объектларининг аксарияти — 37,9 фоизи Тошкент вилояти ҳиссасига тўғри келади. «Ўзгидромет» 2019 йил Тошкент шаҳри ҳавосининг ифлосланиши бўйича кўрсаткичларни эълон қилган эди. Ушбу кўрсаткичлар шаҳарнинг 8 та туманида жойлашган 13 та кузатув пунктида амалга оширилган. Атмосфера ҳавоси ифлосланиши чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, карбонат ангидрид, фенол, фторли водород, аммиак, формалдегид, оғир металлар кўрсаткичлари бўйича аниқланган. Бунинг учун кузатув постларида якшанбадан ташқари ҳар куни соат 7:00, 13:00, 19:00 да ҳаво намуналари олинган.

Текширув натижаларидан маълум бўлишича, ҳаводаги асосий ифлослантирувчи моддалар — чанг, углерод оксиди, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди ва аммиакдан иборат бўлган. Уларнинг ўртача йиллик концентрациялари айрим ойларда рухсат этилган меъёрлардан ортиб кетган.

Туманлар кесимида қарайдиган бўлсак, Юнусободда азот диоксиди, углерод оксиди, Яшнободда чанг, углерод оксиди, азот оксиди, Мирзо Улуғбек туманида кўпроқ чанг, азот ва углерод диоксидлари, Чилонзорда азот диоксиди, Миробод туманида фенол, азот диоксиди, Сергелида формалдегид ва азот диоксиди бир марталик максимал миқдори рухсат этилган меъёрлардан юқорилиги қайд этилган.

2020 йилда дунёда юз берган пандемия шароитида, хусусан, дастлабки ойларда эълон қилинган карантин натижасида кўплаб заводлар, фабрикалар вақтинчалик фаолиятини тўхтатди, кўчада автомобиль ҳаракати чекланди. Шу сабаблар туфайли 2020 йил ҳаво ифлосланиши борасида эътиборга арзирли ҳодисалар юз бермади.

Тошкент ҳавоси ифлосланиши даражаси бўйича рекорд натижа 2021 йил 4 ноябрда қайд этилди. «Ўзгидромет» марказининг ҳисоботига кўра, охирги 150 йил ичида бундай ҳодиса кузатилмаган эди. Бунга эса Қозоғистоннинг жанубий вилоятларидан Урал-Волгабўйи орқали совуқ антициклоннинг олд қисмининг кириб келиши сабаб бўлган эди. Қозоғистондан кириб келган шамол нафақат Тошкент шаҳри, балки Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида давом этган. Давомли эсган кучли шамол натижасида чўл ландшафтига эга ҳудудлардаги тупроқ сиртидаги чанг ва қум зарралари ҳавога кўтарилиб, чанг булутини ҳосил қилган. Чанг булути шамол йўналиши бўйича аввал Сирдарё вилоятига, сўнгра Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосида чанг-бўрон ва ғуборни кескин ортиб кетишига сабаб бўлган эди. Ўша чанг-ғубор массаси Тошкентда бир неча кун сақланиб қолган. Кейинчалик ёққан қор ва ёмғир ҳавонинг тозаланишига олиб келган эди.

Ўша йилги ифлосланиш шу билан тўхтаб қолмади. Орадан бир ой ўтиб, 3 декабрь куни АҚШ элчихонасида жойлашган ҳаво тозалиги назорат станцияси Тошкент ҳавосининг ифлосланиш индекси шу куни соат 18:00 ҳолатига кўра рекорд — 190 даражани ташкил қилганини кўрсатди.

3 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов Ўзбекистонда 150 йил давомида биринчи марта кузатилган қумли бўронга сабаб чўлдаги қумларнинг шамол орқали кириб келиши бўлганлигини қайд этди. Шу билан бирга у, дов-дарахтлар Ўзбекистон бўйича 8% ни ташкил этишини, жаҳон стандартига кўра эса кўкаламзорлаштирилган майдонлар 30% даражада бўлиши лозимлигини ҳам қўшимча қилди. Аммо у республикада кесилаётган дарахтлар ҳақида ҳеч нарса демади.

Тошкент ҳавосининг навбатдаги ифлосланиши шу йилнинг 17 октябрига тўғри келди. Шу куни оқшомда Тошкент атмосфера ҳавосининг ифлослангани бўйича дунёнинг йирик шаҳарлари орасида 1-ўринни эгаллади.

Бу борадаги онлайн индексни IQAir порталида кўриш мумкин. «Ўзгидромет» станциялари қайд этиб борувчи кўрсаткичларга асосланувчи IQAir порталига кўра, соат 20:30 атрофида Тошкент ҳавосида майда ПМ-2,5 дисперс зарраларининг концентрацияси 212 мкг/м3 ни ташкил этган – бу «жуда зарарли» таснифидаги кўрсаткич бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 42,4 баробарга кўпдир.

«Ўзгидромет» ҳолат юзасидан баёнот бериб, ҳаво ифлосланишига олиб келаётган бир қатор омилларни санаб ўтди. Жумладан, Республикада ҳавонинг чанг билан ифлосланиши нафақат табиий хусусиятлар (қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар), балки антропоген ифлосланиш (автомобиль чиқиндилари, саноат, қурилиш, иссиқлик электр станциялари) билан ҳам боғлиқлиги ҳам қайд этилди. Шаҳардаги атмосфера бўшлиғининг паст шамоллатилиши, шаҳар транспортининг кўплиги, йўлларнинг тирбандлиги, кенг кўламли қурилишлар, шунингдек, дарахтларни кесиш, майсазорлар ва магистраль йўлларнинг кенг кўламда суғорилишининг мавжуд эмаслиги – буларнинг барчаси метеорологик шароитлар ва антропоген юкланишга, ҳавонинг юқори ифлосланишига олиб келади.

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, Тошкент атмосферасининг кучли ифлосланиш даражаси сўнгги икки йилда кузатилганини кўришимиз мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун синоптиклар Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш бўйича кўпроқ тадбирлар амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди. Шунингдек, шаҳарда узоқ вақт давомида ёғингарчилик камлиги ва катта антропоген юк туфайли автомобиль йўлларига сув сепиш ва тозалаш, қурилиш объектларида чангни камайтириш чораларига, чиқиндиларни ўз вақтида йиғиш масалаларига кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини ҳам унутмаслик керак.

Теги :
Jamiyat