$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

Тошкент шаҳар ҳокими тадбиркорларга мурожаат билан чиқди

hokim Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Мурожаатда айтилишича, 2021 йил июнь ойида қабул қилинган Президент Фармонига биноан, ер участкаларини ажратиш барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиби жорий этилди. Хусусан, тадбиркорлик объектларини қуриш учун ер участкалари фақат электрон онлайн-аукцион орқали ажратилиши белгиланди. Туман (шаҳар) ҳокимларининг тўғридан-тўғри ер майдони ажратиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати бекор қилинди. 

Шунга қарамасдан, жойларда ҳанузгача ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилмаларни қуриш, енгил қурилмаларни ўрнатиш, автобус бекатлари ўрнида ҳеч бир рухсатсиз савдо дўконларини қуриш каби салбий ҳолатлар кўплаб учрамоқда – дейилади мурожаатда.

Сўнгги вақтларда ўзининг танишлари орқали ер олиб беришни ваъда қилаётган ёки турли сохта «қарорларни» кўрсатиб, кадастр ҳужжатини кейин ҳал қилиб беришга ишонтириб, ер сотиб олишни таклиф этаётган шахслар кўпайиб кетди. Уларга ишонманг. 

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, бунда ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасини давлатга қайтариш Ер кодексига мувофиқ, ҳокимларнинг қарорига ёки суднинг ҳал қилув қарорига кўра амалга оширилади. 

Албатта, турли қонунга ҳилоф йўллар ва ҳужжатларсиз олинган ерлар ноқонуний бўлиб, айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррар ҳисобланади. 

Ҳурматли тадбиркорлар, ишбилармонлар! 

Тадбиркорлик инсондан катта жасорат, ақл, меҳнат ва маблағ талаб қилади. Тадбиркорлик билан шуғулланар экансиз, ўз маблағингизни эҳтиёт қилиб, ер олиш учун аукционда иштирок этиб, ернинг қонуний эгаси бўлинг. 

Ноқонуний ҳаракатларга аралашиб маблағингизга куйиб қолманг, алданманг, сармоянгизни тўғри сарфланг!- дейди Тошкент шаҳар ҳокими.