$
 12694.96
23.12
 13508.71
39.81
 134.66
0.02
weather
+26
Кечаси   +14°

Қозоғистон президенти келаси ой бошида Ўзбекистонга келади

Фото: Kun.uz Фото: Kun.uz

24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг мамлакатга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Корея элчиси Ким Хи Санг, Қирғизистон элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамкулов, Америка Қўшма Штатлари элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, декабрь ойи бошида Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи кутиляпти.

“Қозоғистон асрлар давомида қалин дўст ва ён қўшнимиз, стратегик ҳамкор ва яқин иттифоқчимиздир. Сўнгги йилларда икки томонлама алоқаларнинг суръати юқори бўлиб келмоқда. Парламентлараро муносабатлар, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, устувор соҳаларда 3 миллиард 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзаро савдо ҳажми ҳам муттасил ўсиб боряпти. Бу кўрсаткич йил бошидан буён 20 фоизга ортиб, 4 миллиард долларга яқинлашгани мамлакатлар салоҳияти катта эканини кўрсатади.

“Яқинда Қозоғистонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари ҳам икки қардош элни янада яқинлаштиришга хизмат қилди. Декабрь ойи бошида Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давлатлараро муносабатларда янги даврни бошлаб беришига ишонч билдирилди”, дейилади расмий маълумот матнида.