$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

Тожикистондан келтирилган салкам 5 кг наркотик модда мусодара қилинди

Фото: ЎзА Фото: ЎзА

ДХХ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кўп босқичли тезкор тадбир ўтказди. Жараёнда Навоий ва Самарқанд вилоятларида Тожикистондан кириб келган 5 килограммга яқин гашиш ва опий моддалари аниқланди. Ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, Тожикистондан келтирилган қарийб 5 килограмм наркотик модда мусодара қилинди.

Қайд этилишича, Навоий вилояти Кармана туманида Spark машинаси тўхтатилиб текширилган. Шу пайтда унда йўловчи сифатида кетаётган, Урганч туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган, муқаддам судланган А.Б.нинг ёнида 992 гр гашиш борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Суриштирув ҳаракатлари давомида у наркотик моддани Ургут туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган, муқаддам судланган Т.М.дан сотиб олгани маълум бўлган ва у ҳам қўлга олинган.

Ушбу шахс моддани Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаролардан харид қилгани аниқланган ва унинг иштирокида назорат остида олиш тезкор-қидирув тадбири ўтказилган. Жумладан, Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1991 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жинояти учун судланган аёл Х.Х. ва унинг турмуш ўртоғи — 1982 йилда туғилган Х.Ф. 2 кг 966 гр гашиш моддасини 21 минг долларга сотаётган вақтда ушланган.

Тезкор тадбир давомидаЮ шунингдек, Булунғур туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган Х.М. ҳам 954 гр опий моддасини Самарқанд шаҳрида сотаётган вақтида қўлга олинган. Текширувлар давомида гиёҳвандлик воситалари Тожикистондан контрабанда йўли билан келтирилгани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.