$
 12814.78
-14.29
 13442.70
97.9
 123.50
-1.41
weather
+26
Кечаси   +14°

“Тил биладиган қизга уйлансин!". Вазир ўринбосаридан инновацион ечим

“Муносабат” кўрсатувида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг айтган гаплари йил инновацияси бўлса, ажаб эмас. У чекка ҳудудларда педагог кадрлар етишмаслиги муаммосини ҳал қилишнинг оригинал ечимини таклиф қилди. Эмишки, агар чекка ҳудудларда инглиз тили ўқитувчиси етишмаса, ўша маҳалла ёки қишлоқдаги йигитлар инглиз тилини биладиган қизни келин қилиб олиб келиши керак экан. Тўғрида, шу баҳонада маҳалла болалари устозлик, бўйдоқлар эса хотинлик бўлиб олади, нима дедингиз?

Анави опанинг “худди шу муаммонинг мана шу тарзда ечимини топдик”, дейиши эса ҳаммасидан ошиб тушди. Демак, тажриба қуёнчалари аллақачон бор, натижасини биз ҳам кўрсак бўларди.

Яхши иш, яхши ҳаёт қидириб, қишлоқдан пойтахтга “қочиб” келган, 4 йил ўқиб, энди оғзи ошга етганда, кадрлар етишмаётганини эшитган-у жомадонини йиғиштириб орқасига қайтган қайси қиз экан у?

Учинчиси ҳам бўш келмади: “Лекин инглиз тилини биладиган олий маълумотли қиз эрга тегишни хоҳламаслиги мумкин”. Шуям муаммоми? Кўнмаса, олиб қочиб келади, тамом.

Гапириш кераклиги учун эмас, керак гапни гапиришни қачон ўрганамиз? Бир соатлик кўрсатув бўлса, бу бир соат тинмай оғзига келганини гапириш керак дегани эмас-ку!

Ҳар икки гапнинг бирида “қовун туширавериб” чарчашмадимикин? Халқ улар туширган қовунларни санайвериб чарчади, ахир!

Майли, вазир ўринбосари айтганича бўлсин. Ўша тил биладиган қиз ҳам рози бўлди дейлик. Кейинчи? Олий маълумотли қиз билан ўқимаган йигитнинг дунёқараши, фикрлашида озми-кўпми фарқ бўлишини ҳамма билади-ку. Савияси аёлиникидан пастроқ эканини ҳис қилган эркак ёки ўзини эридан ақлли деб биладиган аёл бор уйда синмаган идиш-товоқлар қолармикин? Бир-икки йилга бормай ажрашиб кетмаслигига ким кафолат беради?

Вазир ўринбосари шу жойида фақат бир ёқлама фикрлаяпти. Унга чекка жойларга ўқитувчи етиб борса бўлди, шекилли. Қандай яшаши, турмуши қанақа кечиши қизиқ эмасга ўхшайди. Агар ўзини тил биладиган қизи бўлса, қишлоқлик, камига ўқимаган йигитга эрга берармикин? Ўлсаям бермайди. Ўзига раво кўрмагандан кейин бошқалардан нима кутсин?

Ҳайрон қоласан киши, қандай қилиб бунақа гапни бемалол, кўрқмасдан айтяпти. Ёки аравани қуруқ олиб қочиш учун шунчаки гапирди-кўйдимикин? Агар шунақа бўлса, ўйламай айтган бу гапи ҳали узоқ вақт тренддан тушмай айланади. 

Шаҳардаги ойликни қишлоқдан топиб бўлмаслигини ёш болаям билади-ку. Газ, свет, сув йўқлигини била туриб, қайси олий маълумотли бораркин у томонларга?

Ватанпарвар бўлиш керак, албатта. Лекин аввал иқтисод, кейин сиёсат! Қорни оч одамнинг қулоғига бунақа гаплар кирмайди. Шароитни озгина бўлса-да яхшилаб, маошини кўтариб берса, ҳамма ўзи билиб бораверади.

Мусофирчиликда яшаш ҳеч кимга ҳавас эмасдир? Шароит бўлса, ота уйини ташлаб келармиди? Мажбурлаб, судраб олиб келинган кадр жон куйдириб ишламайди барибир.

Модомики, уйланиш билан иш битаркан, вазирликнинг нима кераги бор?

Зиёдбек ИСМОИЛОВ