$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Ёшларни Суриядаги террорчилик ташкилотига жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

Ёшларни Суриядаги террорчилик ташкилотига жўнатиб келаётган шахс қўлга олинди

Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ёллаб, Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатиш билан шуғулланиб келган шахснинг фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Хошимов, 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, у ерга юртимиздан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Қўлга олинган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан "Тавҳид ва жиҳод катибаси" халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.