$
 12694.97
40.84
 14878.50
60.51
 161.60
0.42
weather
+26
Кечаси   +14°
oguads

Келгуси йили телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун 386,5 млн долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинади

Келгуси йили телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун 386,5 млн долларлик хорижий инвестициялар жалб қилинади

Келгуси йили телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун 386,5 млн долларлик хорижий инвестициялар жалб қилиниб, шундан мобил алоқа операторлари тармоқларини ривожлантириш учун 136,9 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, жорий йилда ахборот коммуникация технологиялари соҳасида Ўзбекистонда бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Масалан, 28 апрель куни “Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида рақамли иқтисодиёт билан шуғулланадиган яхлит тизим яратилди.

2020-2022 йилларда жами 268 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш доирасида 104 та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторида 87 та лойиҳа, телекоммуникациялар борасида 35 та, аграр соҳада 24 та, IT парклар бўйича 18 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, 2020–2022 йилларда ҳудуд ва тармоқларни рақамли трансформация қилиш доирасида,аҳоли пунктларини интернет тармоғига улаш даражаси, шу жумладан кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллионгача кўпайтириш, 20 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш ва мобил алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали, кенг полосали мобил алоқа қамров даражасини 95 фоизга етказиш белгиланди.

Маълумот ўрнида, оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 36,1 фоизга арзонлаштирилиб, 1 Мбит/с. учун 45,0 минг сўмни (4,3 долл.) ташкил этди. Интернет хизматидан фойдаланувчилар сони 22,1 миллиондан ошди, шундан мобил интернет фойдаланувчилари сони 19 миллионни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, “Оптик толали алоқа линияларини қуриш” лойиҳаси доирасида режалаштирилган объектларга қадар 19 минг километр оптик толали алоқа линиялари қурилиб, умумий узунлиги 55,6 минг километр га етказилди.

Интернет тармоғида кенг полосали уланиш тармоқларини кенгайтириш мақсадида, республика миқёсида 1 миллион порт монтаж қилинди ва умумий кенг полосали тармоққа уланиш портлари сони 3 миллионга етказилди. 5 Петабайт сиғимга эга Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 10 минг 154 та умумтаълим мактаблари, 5 минг 781 та мактабгача таълим муассасалари ва 3 минг 527 та соғлиқни сақлаш объектлари мавжуд бўлиб, жорий йил 1 декабрь ҳолатига 7 минг 150 та (70 фоиз) халқ таълими, 4 минг 581 та (80 фоиз) мактабгача таълим муассасалари ва 2 минг 747 та (78 фоиз) соғлиқни сақлаш объектларига жами 12 минг 867 километр оптик толали алоқа линиялари ташкил этилган ва юқори тезликдаги интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган.