$
 12820.47
5.69
 13470.47
27.77
 122.26
-1.24
weather
+26
Кечаси   +14°

2023 йилдан “Ташаббусли бюджет”га ажратиладиган пул миқдори оширилади

Фото: ижтимоий тармоқлар Фото: ижтимоий тармоқлар

Кейинги йилдан бошлаб жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга 8 трлн сўм маблағ йўналтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йилидан бошлаб:

 “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланади. Бунда, аҳоли томонидан амалга оширилиши таклиф этилаётган тадбирлар ҳар бир маҳалла бўйича битта лойиҳалар пакети шаклида овозга қўйилади.

Маълумот учун, лойиҳалар пакети учун ажратиладиган маблағлар чекланган миқдорини 8 миллиард сўм этиб белгилаш, дастурларни молиялаштириш учун ҳар йили давлат бюджетидан камида 4 триллион сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.

“Ташаббусли бюджет” жараёнини молиялаштириш кўлами ортади

Келгуси йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда 6 млрд сўмдан кам бўлмаган маблағлар ажратилиши ҳисобига “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилиши кутилмоқда.

Бунинг натижасида, 53 та туман ва шаҳарларда (тасдиқланадиган бюджетлари миқдори кам бўлишига қарамай) 6 млрд сўм маблағ йўналтирилади. Мисол учун, Ғазғон шаҳрида 2022 йилда 900 млн сўм маблағ ажратилган бўлса, 2023 йилдан бошлаб мазкур ҳудудга 6 млрд сўм маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджети қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам фуқаролар фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, амалда фақат туман ва шаҳар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи “Ташаббусли бюджет” жараёнлари учун йўналтирилиши белгиланган.

Шунингдек, келгуси йилдан бошлаб “Менинг йўлим” лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлар миқдори ҳам икки баравардан ортиққа оширилди.

Ушбу ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, 2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга 8 трлн сўм маблағ йўналтирилиши кутилмоқда.

Аввалроқ, “Ташаббусли бюджет”нинг бу йилги 2-мавсумида ғолиб деб топилган 1418 та лойиҳага қўшимча равишда, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган 364 та лойиҳа учун республика бюджетидан 335 млрд сўм ажратилиши хабар қилинганди.