$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

"Сувнинг таъми муз билан..." — ижтимоий тармоқларда трендга айланган “тарбиячи”га чора кўрилди. Боғча директори ҳам огоҳлантириш олган

"Сувнинг таъми муз билан..." — ижтимоий тармоқларда трендга айланган “тарбиячи”га чора кўрилди. Боғча директори ҳам огоҳлантириш олган Скриншот

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда онлайн дарс ўтаётиб, фарзандини уришиб берган, педагогикага хос бўлмаган номақул сўзлар билан уни ҳақоратлаган аёл видеоси тарқалди. Мазкур воқеа кенг жамотчиликнинг муҳокамаси, баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Мактабгача таълим вазирлиги ушбу ҳолат бўйича маълумот берди.

Маълум бўлишича, видеороликдаги аёл 1982 йилда туғилган, Наманган вилояти, Чортоқ тумани 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси ҳисобланади (маълумоти олий).

Вазирликка кўра, аёл мактабгача таълим тизимида бир неча йилдан бери ишлаб келади. Ўтган давр мобайнида у томонидан ҳеч қандай ножўя ҳаракатлар амалга оширилмаган ва иш берувчи томонидан ижобий таърифланади. У карантин шароитида масофадан ўқитиш усулини ўзлаштирган ҳолда, бир неча ой мобайнида, ҳафтасига 4-5 мартадан тарбияланувчилар учун видеомашғулотлар ўтиб келган.

Ёз мавсуми бошланиши МТТларда соғломлаштириш даври ҳисобланиб, тартибга кўра, бу вақтда фаол таълим жараёни тўхтатилади. Аммо бир неча ташаббускор тарбиячилар тарбияланувчиларнинг бўш вақти мазмунли ва фойдали ўтиши учун видеомашғулотларни давом эттиришга қарор қилишган.

2020 йил 15 июль куни уй шароитида видеомашғулотни ёзиб олиш жараёнида тарбиячи фарзандларини ўз касбий этикасига зид равишда қўпол тарзда койиб ташлайди. Бу ҳолат акс этган ролик кейин тайёрланган видеомашғулот ўрнига, янглиш равишда МТТ «Телеграм» гуруҳига жойланади ва тезда ўчириб ташланади. Бироқ янглиш жойланиб, ўчирилган ролик орадан 11 кун ўтиб ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган.

Ҳолатни ўрганиш жараёнида ўша куни тарбиячи видеомашғулотни бир неча марта ёзиб олишга уринган. Аммо иш билан уй вазифаларини бир вақтда бажариш мажбурияти, жумладан болалар хархашаси ҳиссий мувозанатдан чиқиб кетиши, натижада назоратни йўқотган ҳолда овозини баландлатишига сабаб бўлган.

“Бу воқеа Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими ҳамда Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва маълум хулосаларга келинди”, дейилади Вазирлик изоҳида.

Тарбиячига касбий этика қоидаларини бузгани учун интизомий жазо чораси қўлланилган. Карантин якунланиб, МТТлар фаолияти тиклангач 7-сонли МТТ ҳамда Чортоқ тумани мактабгача таълим бўлими томонидан мазкур тарбиячининг педагогик фаолияти мониторинг қилиб бориш белгиланган. 7-сонли МТТ раҳбарига эса огоҳлантириш берилди.

Шунингдек, туман МТБга ўзига тегишли ҳудудда масофадан мактабгача таълим хизматини кўрсатиш жараёни устидан кузатишни кучайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мактабгача таълим тизими ходимлари учун қулай шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилган.

Теги :
Jamiyat