$
 12741.02
-16.92
 14062.26
-63.33
 134.38
-0.68
weather
+26
Кечаси   +14°

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлайди

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлайди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш каби вазифалар алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишларининг конституция даражасида кафолатланишини асосий сабабларидан бири - суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ - одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир. Одил судлов жамият ҳаётида, жамият аъзоларини ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтиришда, инсонларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Конституцияда назарда тутилган судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсуниши тамойилини амалга оширишга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 1994 йилда қабул қилинган Жиноят кодекси, Жиноят процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларини, “Судлар тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қатор фармон ва қарорлари ва Ҳукумат қарорлари шулар жумласидандир.

Ўз навбатида сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Шу сабабли ҳам суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини оширишга қаратилган мутлақо янги босқични бошланишини ҳаётий заруратга айлантирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 21 октябрида эълон қилинган ПФ-4850-сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишига доир конституциявий нормани амалда тўла-тўкис рўёбга чиқишига замин яратди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармон ҳамда ушбу Фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожланти-ришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”да судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга оид қатор чора-тадбирлар назарда тутилди. Хусусан, судья лавозимида бўлишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддатини ва шундан сўнг муддатсиз даврини белгилаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси негизида суд ҳокимияти органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилиш, судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш механизмини, шу жумладан, унинг асосларини аниқлаштириш орқали такомиллаштириш ва суд раисларининг судьяларга нисбатан интизомий иш қўзғатишга оид ваколатини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий судига адлия органларининг умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш соҳасидаги вазифа ва ваколатларини ўтказиш кабилар назарда тутилди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган навбатдаги муҳим қадамлардан бири – судьялар ҳамжамиятининг органи сифатида Судьялар олий кенгашини ташкил қилинганлигидир. Мазкур Кенгаш конституциявий мақомга эга бўлди. Конституциянинг 111-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг органи бўлиб, у Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятининг мустақиллиги конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиши ўз ифодасини топди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини жойлардаги маҳаллаларга борган ҳолда ҳолда тушунтириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди судьяси Х.Содиқов томонидан 2021 йил 6 май куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган “Бустонобод” маҳлла фуқаролар йиғинига борган ҳолда аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун моҳияти ҳақида, шунингдек, ҳуқуқбузарлик профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий масалалар юзасидан муаммоларни тизимли ҳал этиш ва аҳолининг ҳуқуқий онгини мунтазам равишда ошириб бориш мақсадида “Менинг маҳаллам — менинг судьям” ғояси ҳақида ҳам тушунчалар берилди.

Мухтасар қилиб айтганда, жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлаш мамлакатимиз Конституцяиси ва шу асосда қабул қилинаётган қонунлар муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Хуршид СОДИҚОВ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар

Олмазор туман суди судьяси