$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Эксперт: Ўзбекистон спортчилари учун ҳали ҳаммаси олдинда

Токиода бўлиб ўтаётган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам ўз иштирокларини бошлашди.

Токиода бўлиб ўтаётган XXXII ёзги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари ҳам ўз иштирокларини бошлашди.

Биринчи бўлиб Мухтасар Тоҳирова милтиқда 10 метр масофадан отиш бўйича саралаш босқичида иштирок этди ва 622.2 балл тўплаб, 50 спортчи ичида 33-ўринни эгаллади. Энг кучли 8 спортчи кейинги босқичга йўлланма олди. Мухтасарга йўлланма учун 6 балл етмади.

Қиличбозлик бўйича сабляда Шерзод Мамутов руминиялик Юлиан Теодосиуга қарши майдонга чиқиб, 11:15 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақа билан хайрлашди. Аёллар ўртасида шпагада Малика Ҳакимова хитойлик Йивен Сунга қарши саралаш баҳсини ўтказди ва 10:15 ҳисобида мағлуб бўлди.

Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон вакиллари Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев енгил қайиқдаги жуфтлик баҳсларида иштирок этиб, 2000 метр масофага кечган дастурда 6:44.98 дақиқа натижа қайд этишди. Бу билан улар ўз гуруҳларида тўртинчи ўринни банд этишди. Ҳар бир гуруҳда 1-2 ўринни олган экипажлар ярим финал босқичига йўл олишади. Икки спортчи эртага қўшимча йўлланмалар учун яна сувга чиқишади. Шу орқали улар кейинги босқич йўлланмаси учун курашни давом эттиришади.

Бокс бўйича -69 кг вазн тоифасида Шаҳноза Юнусова польшалик Каролина Кошевскага қарши рингга кўтарилди ва 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. -91 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Санжар Турсунов 1/16 финал босқичида жазоирлик Абдулҳафид Беншаблага 1:4 ҳисобида ютқазди.

Дзюдо бўйича -60 кг тоифасида Шарофиддин Лутфиллаев нимчорак финалда украиналик Aртём Лесюкка қарши баҳс олиб борди ва битта вазари баҳоси эвазига мағлубиятга учраб, мусобақадаги иштирокини эрта якунлади.

Теннис бўйича ўтказилган мусобақанинг биринчи даврасида ҳиндистонлик Сумит Нагалга қарши кортга чиққан Денис Истомин 4/6, 7/6 (8/6), 4/6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Спорт журналисти, эксперт Азамат Муродовнинг фикрича, ҳозирча, Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи, медалга даъвогар бўлган спортчилари ўз иштирокларини бошлашгани йўқ. Олимпиада эса эндигина бошланди ва кейинги кунги мусобақаларда иштирок этадиган ўзбекистонлик спортчиларга омад тилаб, уларнинг ғалаба қозонишига ишониб қоламиз. Олға Ўзбекистон!