$
 12875.06
13.23
 13406.80
-90.4
 124.75
-0.72
weather
+26
Кечаси   +14°

Бизнесга илк қадам, қийинчиликлар ва ютуқлар — Шоҳида Ибрагимованинг муваффақият ҳикояси

Бизнесга илк қадам, қийинчиликлар ва ютуқлар — Шоҳида Ибрагимованинг муваффақият ҳикояси

Шоҳида Ибрагимова, 33 ёш, 4 фарзанднинг онаси,

Таълим йўналишида фаолият юритувчи “Growth Academy” болалар ўқув маркази ва “SHIFT” катталар учун ўқув маркази асосчиси

Молиявий саводхонлик бўйича Ўзбекистонда ягона Moliya.uz блоги муаллифи ҳамда куратори

МДҲ давлатларида ягона “Virin XSK” кўсак қуртига қарши биологик препарат ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари

Оилада 3ўғил ва мен ягона қиз фарзандман. 3 ўғил фарзанд билан улғайганим сабаб жудаям шўх, жасур ва албатта фикрлаш доираси кенг ақлли қиз бўлганман. Бошланғич синфларни, Яшнобод туманида жойлашган 226 – мактабда таҳсил олдим. Кейин эса 5 синфдан то 11-синфгача 64 – мактабда таҳсил олдим. Оилада 3-фарзанд бўлишимга қарамай лидерлиr ҳислати менда кучли бўлган. Мактабда ҳам 1 – 11 синфгача синф сардори бўлганман. Содиқлик ва одамийлик- инсонларда ҳурмат қиладиган ҳислатларимдан бири. Мактаб давримдан дўстларимнинг яхши ва ёмон кунларида елкама-елка туриб уларнинг қайси ҳолати бўлмасин қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилардим. Лекин қаерда уруш бўлса ўша ерда ҳам мен бўлардим.

Маҳоратли овчи бир ўқ билан 2 та қуён урганидек, мен ҳам бир йилнинг ўзида 2 та олий ўқув юрти талабаси бўлишга муяссар бўлдим. Молия иститутига грант асосида ва Тошкент Халқаро Westminster университетида эса контрак асосида “Economics with finance” йўналишида таълим олдим. 2007 йил 4 август, ҳаётимда унитилмас воқеалардан бири содир бўлди. “Ёр-ёр” садолари остида отамнинг энг яқин дўстларининг ўғилларига турмушга чиқдим ва Пискентга келин бўлдим. Мен учун янги ҳаёт, ҳаяжонли ва машаққатли воқеалар бошланди.

2 та олий таълим масканини битиргунга қадар 2 нафар фарзандли бўлганман. Бу даврда ҳар куни меҳмонлар, келди-кетди кўп бўлар эди. Оила, фарзанд тарбияси, ўқиш, келинлик вазифаларимни бирдек эплашга жуда ҳам қийналардим. Аллоҳга шукур қайнона-қайнотам ҳамда хўжайним ўқишим учун ҳамма шароит ва фарзандларимга қарашга ёрдамчи олиб беришган эди. Аммо халқимизнинг бир гапи бор, келин доим хизматда бўлиши керак ва минг қарашадиган инсонинг бўлса ҳам ўзиз доим улар билан елкама-елка ҳизмат қилиш керак.

Westminster да ўқиш мароқли бўлсада имтиҳон топшириш жудаям қийин эди. Дўстларимга катта рахмат, менга жуда ҳам кўп ёрдам беришган. Биргаликда уйимда тунлари ухламасдан эрталабгача дарс қилиб тайёрланиб чиқардик. Университетда ўқиш давомида мен ва дугоналаримнинг мақсадларидан бири яхши оила бекаси, яхши она, яхши фарзанд бўлиш ва ўқишни тамомлаш эди.

2011 -2013 йилларда магистратурада Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида “ Banking and finance ” йўналишида таҳсил олдим. Ўқишни тамомлаганимдан сўнг 3-чи фарзандим Азиза дунёга келди ва икки йил уйда фарзанд тарбияси билан банд бўлдим.

Мақсадсиз инсон қаерга қўнишини билмай учиб юраётган самолётга ўхшайди. 26 ёшимда ҳаётимда ўз ўрнимни топишни олий мақсад қилиб қўйдим. Билимлига дунё ёруғ деганларидек, шу йилдан бошлаб кўплаб тренинг ва семинарларда қатнаша бошладим. Ўзимни ҳар ҳил йўналишда синаб кўрдим, макияж қилиш, тикувчилик, трейдинг, пишириқ, немис тили ва шунга охшаш ўнлаб курсларда ўқиб чиқдим. Фикрлаш доирам янада кенгайиб олий мақсадимга секин-аста қадам қўйишни бошладим. Менинг мақсадим бизнес бошлаш эди, аммо қаердан ва нимадан бошлашни билмасдим. Мақсадларингизни ўзингиз қурмасангиз бошқаларнинг мақсадларига ёрдамлашишга мажбур бўларкансиз. Охири бизнес бошлолмай 28 ёшимда биринчи ишим “Gross insurance”га бухгалтер ёрдамчиси бўлиб ишга кирдим. У ерда 8 ойгина ишладим холос, аммо лекин ҳақиқий ишхона қандай бўлиши, теамбуилдинг, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва энг асосийси одамийликни кўрдим. Энг аҳил ва энг қувноқ инсонлар билан ишлашга муваффақ бўлдим.

2016 йил сентябрда менинг карьерамда янги ўсиш – “ГДП” ваколатхонасига бош мутахассис лавозимига ишга кирдим. Аввал “HP” бўлимида кейин эса “Молия ва бошқарув” йўналишида ишладим.

Ҳа, айтганча, ёшлигимдан спорт билан шуғулланаман. ГДП ваколатхонасида ишлаётганимда ҳам иш вақтидан жавоб олиб спорт машҳулотларига бориб келардим. Спорт билан шуғуланиш жисмоний ҳолатимизни яхшиласа, китоб ўқиш ақлий салоҳиятимизни оширади. “ГДП” ваколатхонасида шахс сифатида ривожланганман. Бунинг сабабчиларидан бири ҳамкасбим Сардор. Ишхонанинг бир бўлимида ишлар эдик, ва у менга иш ўрганишимга ёрдам берган. Энг асосийси, ҳар куни бир соатдан китоб ўқишга мажбур қиларди. Биз китобсиз ўзимизни йўқотиб қўямиз ва китоб билан ўзимизни топамиз.

2019 йил 1 апрелда Саидахон туғилди ва мен декретга кеттим. Декрет даврида мени лойиҳаларим ҳам дунёга кела бошлади: 2019 йилда қизимга ҳомиладор пайтимда шахс сифатида юқори тезликда ўса бошладим ва бизнес бошлаш ҳақида тинмай ўйлардим. Лекин ўзимни топа олмас эдим, кечалари йиғлаб чиқардим. Наҳотки учта олийгоҳда ўқиб, шунча ўз устимда ишлаб, изланиб битта иш бошлай олмасам деб ҳар соҳага ўзимни уришга ҳаракат қилардим. Шу кунларнинг бирида Америкадан қайтган дўстим Шаҳноза билан кўришиб қолдим ва бирга бизнес очиш ҳақида гаплашиб қолдик, ўшанда июнь ойи эди. Аввалига мактаб, боғча очиш вариантлари бўлди, кейин болалар ўқув маркази очишга қарор қилдик. Августда жой тайёрлаб, ноябрда ўқув марказини очдик. Март ойигача юз нафарга яқин болани ўқитдик, лекин пандемия сабабли марказни ёпишга мажбур бўлдик. Онлайн тарзда ўқитишга ўтдик, бино эгаси олти ойлик ижара пулини олдиндан олган эди. Ҳали кутилган натижага чиқа олмагандик, қийин кунларни бошдан кечирдик. Бу орада Молия институтида докторлик ишимни бошладим, “Молиявий саводхонлик” мавзусида диссертация ёқлашга қарор қилдим. Нега айнан бу мавзуда? Чунки мен болалигимдан пул йиғишга қизиқардим ва барча учун бу мавзу қизиқ ҳамда долзарб деган қарорга келгандим. Бунинг учун Moliya.uz блогини очдим ва ушбу ресурс орқали мавзунинг қанчалик муҳимлигини билмоқчи эдим. Лекин қисқа муддатда ижтимоий тармоқларда блог фойдаланувчилари сони шунчалик кўпайиб кеттики, биз тақдим этаётган маълумотлар инсонлар учун қанчалик керакли эканини тушундик. 10 минглаб инсонларга консултациялар ўтдик, бепул марафонлар ўтқиздик. Бундан ташқари устозимиз Санжар Икромов билан биргаликда Ўзбекистонда биринчи бор лицензияга эга бўлган Трейдинг компаниясини очишга муваффақ бўлдим. 23 ёшдан бери инвестиция билан шуғулланаман. Ўзбекистон ва Америка фонд бозорларида акциялар олди-сотдиси билан шуғулланганман, лекин бизда Америка фонд бозорида “доступ” бўлмагани учун яқин бир инсонимга қарийб 100 минг доллар пулимни ишониб берганман. Аммо у мени алдаб, Америкага қочиб кетган. Шунда бошқалар ҳам менга ўхшаб алданиб қолмаслиги учун ва одамлар ўзлари ўрганиб, ростдан ҳам акция бозорида катта фойда қилиш мумкинлигини исботлаб бермоқчи бўлганман. Ҳозиргача 200 га яқин ўқувчи курсларимизда ўқиб чиқди. Бироз вақт ўтиб, “ Growth Academy” 13 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланганлиги сабабли, катталар учун “Shift” ўқув марказига ҳам асос солдим. 

Аёл киши учун бизнес бошлаш қийинми? Бу жуда машаққатли йўл, ҳам оила, фарзандлар тарбияси, ҳам рўзғор, қайнона-қайнота хизмати, ҳам бизнес лойиҳалар тинмай ўз устида ишлаш катта вақт талаб этади. Илк лойиҳамни бошлаганимда катта тўсиқларга учраганман, атрофдагиларнинг ишончсизлиги, “аёл кишига бизнес керакмас”, “сенда ўхшамайди” сингари гап-сўзлар бўлган, ишларимга улгуролмасдим, баъзан гап эшитиб қолардим. Лекин ўзимни қўлга олиб, куч ва иродамга суяниб барча қийнчиликларни енгиб ўтдим, “аёл киши эплолмайди” деган стереотипни бузишга эришдим. Бора-бора ҳаммаси ўз изига тушиб кетди, вақтни тўғри тақсимлашни ўргандим.

Аслида, ҳаётда бирор мақсад билан яшашнинг ўзи — бахт.

Мақсадсиз яшаш шундай кўргиликки, у ҳеч кимнинг бошига тушмасин! ⠀

Аммо лекин биз кўп ҳолларда ич-ичимиздан айнана нимани хоҳлаётканимизни ва орзуларимизни охиригача тассаввур қилиб сўзларимиз билан тўлиқ ифодалаб кўз олдимизга келтирмас эканмиз. Бу эса чала орзу мақсадларимизни чала мевасини кўриб хафа бўлиб қолишимиз аниқ.

Аниқлик бўлган жойда ниятларингиз мевасидан эртага хурсанд бўласиз.

Шундай бир система бор Сабаб➡орзуга, орзу➡мақсадга, мақсад ➡режага, режадан➡ҳаракатга, ҳаракат эса➡натижага олиб келади.

Неча пул топсам бўлди, деб сўраманг. Мана шунча миқдорда баракали пул топишни хоҳлайман дейиш керак.

Мен ҳам аввал бизнес бошлашга қийналгандим нимадан бошлашни билмасдим, қаерда яхши фойда бўлса, шу ерга киргим келарди. Мен ният қилишда орзу қилишда ва мақсад қўйишда, хато қилган эканман. Шу хатойимни туғирлашим билан ҳаммаси секин аста юриша бошлади. Шунинг учун ҳам "мақсад қўйишда хато қилиш бу хато қилишни мақсад қилишдир", дейишади. Мақсадларингизни филтрдан ўтказинг!

Мени бугун бир воқеа жуда таъсирлантирди.

Ёш она икки фарзанди билан ёлланма ишчилар бозорида турибди.

Диққатимни тортгани унинг ўз ҳолатидан хижолат бўлиб, ҳаммага қайта-қайта мактабда яхши ўқиганман деяётгани бўлди.

Бу аёл билан қизиқиб қолдим.

Суҳбатимиз давомида турмуш ўртоҳи автоҳалокат туфайли вафот этганини, уй эгаси ижара пулини тўлай олмагани учун чиқариб юборгани маълум бўлди...

Унинг айтишича укаси билан бир йилда ўқишга киришган. Ота-онаси эса фақат укасини ўқита олишган. Кейинчалик у турмушга чиққач уй-рўзғор, оила юмушлари билан бўлиб ўқиш ҳақида ўйлай олмаган.

Аксарият ҳолларда ҳамма ўғил фарзандини ўқитади. "Ўғлим мени боқади, қиз бола эса бировнинг хасми, бошқа оилага кетади" дейди. Аммо Шарқнинг халқнинг маъноли гапи бор: "ЎҒЛИНГНИ ЎҚИТИБ ЭРКАКНИ ТАРБИЯЛАЙСАН, ҚИЗИНГНИ ЎҚИТИБ БУТУН МИЛЛАТНИ ТАРБИЯЛАЙСАН".

Жуда қизиқ. Қандай қилиб дейсизми? Биз қизларимизни ўқитиб, бутун бир жамиятни тарбияловчи, бўлажак оналаримизми ўқитаяпмиз.

Энг ёмони нимада, биласизми? Агар оилавий турмуши ўхшамаса, ажрашса, кўп ҳолларда қизлар аҳолининг энг камбағал қатламига айланиб қолади. Шунинг учун болаликнинг илк давридан қиз ҳам ўғил ҳам бирдек яхши таълим олса, қиз болага қанақа бўлса ҳам ҳунар ўрганиши кераклиги уқтирилса, бу жамият учун фойдали бўлади.

Қиз боланинг таълим олиши - юрт келажаги пойдевори. Бир вақтнинг ўзида ўнлаб вазифаларни қойилмақом қилиб бажара оладиган аёллар албатта пухта таълим олган бўлишлари шарт!

Теги :
Jamiyat