$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

«Жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур» – Шерзод Шерматов ҳокимлар ва сектор раҳбарларларига мурожаат қилди

«Жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур» – Шерзод Шерматов ҳокимлар ва сектор раҳбарларларига мурожаат қилди

Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларга ўз вазифаларидан ташқари ортиқча вазифалар юклатилиши юзасидан ҳокимлар ва сектор раҳбарларларига мурожаат қилди.

«Наҳотки баъзи жойлардаги мутасаддилар ўзининг бугунги муаммосини ҳал қиламан деб, Президент сиёсатига хиёнат қилаётганини тушунмаса!» – дея ёзади Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ўзининг телеграмдаги саҳифасида.

Шерзод Шерматов телеграмдаги саҳифасида турли вилоятларда ўқитувчиларни сўровнома ўтказиш ва аҳолини рўйхатдан ўтказиш учун жалб қилиш ҳақидаги мурожаатларининг скриншот расмларини ҳам жойлаштирди.

«Мен Андижон шаҳриданман. Ҳозир ким тарафидан буюрилган, билмадиму, лекин хонадонларга кириб ҳар бир аъзосини исми, шарифи, паспорт серия рақами, оила аъзолари ҳақида маълумот олиб, ўша оила муаммосини, яшаш шароити ва иш жойини билиш учун уйма-уй юриш кимнинг зиммасида? Бундан нима фойда? Яна ўқитувчилар юрибди», — дейилади ушбу мурожаатлардан бирида.

«Бугун эрталабдан жойлардан шундай янгиликларни ўқиб турибмиз. Бундай ҳолатларни, нафақат Президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб Давлат Раҳбарини имиджини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак ва ҳар бир бундай ҳолат бўйича жойлардаги мутасаддиларни керак бўлса жиноий жавобгарликка тортишгача олиб бориш зарур деб ҳисоблаймиз», — дея таъкидлайди Ш.Шерматов.

«Президентимиз бу йил биринчи бор “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамида ўзлари чиқиб табрик сўзи билан мурожаат қилдилар. Таълим-тарбия тизимини яхшилаш бўйича Фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ бердилар, кейин яна қўшимча селектор ўтказиб, ҳар бир ҳоким энди камида 30-40 фоиз вақтини мактабга ёрдам беришга қаратсин деб айтдилар ва ҳурматли ҳокимларимиздан бу масалага чин дилдан ёндашишни, кундалик топшириқ сифатида қабул қилмасликни сўрадилар. Куни кеча Фармонга имзо қўйишдан олдин яна бир бор таълимни кўтариш муҳимлигини қатъий таъкидладилар», — дейди Халқ таълим вазири.

Шунингдек, Шерзод Шерматов ҳокимлар ва сектор раҳбарларидан халқ таълими тизими ходимларини фақат таълим сифати бўйича ишлашларига шароит яратишда ёрдам беришини, агар ёрдам беришга имконияти бўлмаса, бўлмаса халақит қилмаслигини сўради.

Ш.Шерматовнинг айтишича, бундай қўшимча ишларга Меҳнат вазирлигидаги алоҳида фонддан маблағ олиб, жойлардаги ишсизларни жалб қилса ҳам бўлади.