$
 12825.43
-12.9
 13493.63
-4.59
 120.98
1.28
weather
+26
Кечаси   +14°

Очиқча суҳбат: қандай қилиб фарзандлар билан «нозик» мавзуларда гаплашишдан қўрқмаслик керак?

Ирина Чапда: Ирина Кунгурова – оилавий психолог, психолог-сексолог.

Жамиятда айрим мавзуларда гаплашишни тақиқлаш, ёш авлод билан уларни муҳокама қилишдан қочиш одатий ҳол. Бироқ, бундай “ҳимоя” келгусида боланинг ўзига қарши ишлаши, қарама-қарши жинс вакили билан мулоқотда қийинчиликлар туғдириши ва ҳатто психологик жароҳатларга олиб келиши мумкин. Биз психолог Ирина Кунгурова билан, буни қандай бартараф қилиш кераклиги ҳақида суҳбатлашдик. Жинсий таълимга бўлган муносабат қанчалик ўзгаргани, болалар билан мулоқотда қандай мавзуларни кўтариш мумкинлиги ва нега ҳозирги жамиятда бу уят ҳисобланмаслиги ҳақида сўраб билдик.

+18. Диққат! Ушбу материалда жинсий ҳаёт билан боғлиқ баъзи атама ва тушунчалар мавжуд. Ушбу атамалардан фойдаланишда уни тарғиб қилиш эмас, балки таълимий вазифа кўзда тутилган.

Оилавий психолог Ирина Кунгурова ҳақида март ойидаёқ эшитгандим. Таҳририят рухсатини олгач, саволлар туздим. Лекин, аксига олиб, карантин бошланиб қолди.

Мутахассис билан суҳбатлашиш ва мавжуд стереотипларни йўқотиш истаги уйимиз ҳовлисидан ташқарида бемалол сайр қилиш иштиёқи каби кундан-кунга кучайиб бораверди.

Хуллас, ёз. Ижтимоий масофа.

Одамлар психологияга шахсий ҳаётида ўзгаришлар қилишни хоҳлашганида ўтишади. Таълим ўз муаммоларини ўрганишдан бошланади ва энди бошқаларга ҳам ёрдам бериш учун секин-аста бу соҳада қолиш нияти пайдо бўлади.

Фикримча, оилавий психология – мураккаб йўналиш, буни танлашимнинг асосий сабаби ҳам шунда. Бу ерда мутахассис медиатор, профессионал воситачи вазифасини бажаради. Аввал бир томон, кейин иккинчи томонни тинглаш жуда муҳим. Фаолиятим давомида сексологияга оид саволлар тобора кўпайиб бораверди.

Бошида бу каби саволларга жавоб топиш учун муайян адабиётларни ўқиш ва махсус блоглар билан танишиб чиқиш кифоя деб ўйлардим. Бироқ жинсий жароҳатлар билан ишлаш тизимли билимларни талаб қилишини тушуниб етдим. Таъкидлаш жоиз, керакли маълумотлар очиқ шаклда мавжуд эмас.

Ҳамкасбимнинг бизда мутахассислар кам дея баҳслашиши мени бу йўналишни янада чуқурроқ ўрганишга ундади. Иккиланишлар бўлди. Ахир, бу ерда қатъият зарур. Эримнинг бунга муносабати ҳақида ҳам ўйладим. Негаки, психолог-сексолог фаолияти мижознинг жинсий ҳаёти ҳақидаги суҳбатларни ҳам назарда тутади. Эрим масаласида омадим келди, у психолог ва сексолог ўртасидаги фарққа эътибор қаратмади – ҳар икки ҳолатда ҳам мутахассисдан ғамхўр бўлиш ва сир сақлай олиш талаб этилади.

Шундан бери сексологияни фан сифатида ўрганиб келаман. Дастлаб амалиётдаги мутахассисни танладим, ўтган или эса менга керакли билимларни берган Россия сексологлар ассоциациясини ўзим учун кашф қилдим. Ўзбекистонда психолог-сексологликка ўргатадиган платформа йўқ. Шу сабабли бизнинг соҳада масофадан ўқитиш асқатади.

Сексолог – ким у?

Бу чиндан ҳам қийин савол. Таъкидлаш керакки, биз муҳим таркибий қисмлари биология, тиббиёт, психология, социология, криминалистика, педагогика бўлган кўп тармоқли фан ҳақида гаплашяпмиз. Ушбу соҳалардаги мутахассислар жинсий муносабат билан боғлик кенг доирадаги муаммоларни ўрганишади. 

Инсон ҳуқуқлари, муносабатларга киришаётганда розилик бериш ёки рад этиш ва тиббий нормалар билан боғлиқ ишлар давом этмоқда – кўпинча, одамдаги хавотирни йўқотиш ва тинчлантириш учун унга ана шу нормалар ҳақида гапириш етарли.

Психолог-сексолог фаолияти бу – шунингдек, педагогика. Мисол учун, мутахассис гигиена ва бошқа муаммолар ҳақида гапиради, ўргатади. Шуни қўшимча қилмоқчиманки, сексолог – бу тиббий халат кийган шахс эмас, “сексопатолог” атамаси эса совет давридан қолиб кетган. Ҳозир бундай мутахассислик йўқ.

Одамлар тез-тез сеҳрли «дори»ни излаб келишади...

Биз кўпинча эркак ва аёл муносабатларидаги нормалар ҳақида маслаҳатлар берамиз. Бизнинг вазифамиз – муносабатларда “мажбур” деган тушунчага ўрин йўқлигини тушунтириш орқали тўғри ва оқилона мулоқот қилишга ўргатиш. Бир-бирини эшита билиш ва интим ҳаётнинг энг заиф ва нозик қисми эканини ёдда тутиш муҳим. Жуфтликлар биргаликда жуда кам келишади. Кўпинча улардан бири ўзида қатъият топиб келади-да, жуфти билан қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилади. Албатта, ниманидир ўзгартириш мумкин. Оилавий психологияда биз кўпинча эр-хотинлардан бири билан ишлаймиз. Жараён анча секин бўлса-да, лекин давом этади. Маълум бир вақт ўтгач иккинчи жуфт ҳам келган ҳолатлар бўлиб туради.

Бўшаб қолган уялар синдроми

Мижозлар кўпинча фарзанд муаммосини ҳал қилиш мақсадида келишади, фарзанд муаммоси эса оилада чуқур ўрнашади. Шу туфайли мутахассис фақатгина тузатиш айнан оилага киритилганда ёрдам бера олади. Оналик туйғуси ўхшаш хусусият бўлиб, бизда у етарлича кучли. Яхши она ва аёл бўлиш ҳамда бу жараёнда қатнашиш муҳим. Фарзандлар ота уйини тарк эта бошлаётгандаги пайтни тасаввур қилайлик. Бу ерда сексологияга мурожаат қилганда муаммо туғилади – қандай қилиб энди она ва ота бўлмай туриб, яхши аёл ва эркак бўлиш мумкин? Айнан шу нуқтада бўш уялар инқирози бошланади. Эр-хотинлар фарзандни оилавий ришталар маркази деб ҳисоблаб, у орқали гаплашишга шу қадар ўрганиб қолишганки, болаларини қўйиб юборишгач, улар ўз қаршисида бутунлай бегона турмуш ўртоқни кўрадилар ва баъзан жуфти билан буёғига қандай мулоқот қилиш, қандай қилиб буни бола воситачилигисиз мустақил бажаришни билмай қоладилар. Бу вазиятда фарзандларнинг мустақил ҳаётига аралашиш энг катта хато бўлади.

Ички кийим қоидаси

Шу ўринда ота-оналар ва болалар ўртасида ишончли муносабатларни шакллантиришга йўналтирилган муҳим тарбиявий жараён билан ўртоқлашмоқчиман. Бу болалар бирор масалада иккиланганида ёки нимадандир қўрққанида ўз ҳис туйғуларини катталар билан қўрқмай ўртоқлаша олишлари учун керак.    

Ота-оналарнинг фарзандлари билан улғайишга оид мавзуларда гаплашиши, уларни ёшига доир масалаларни ҳал қилишга ўргатиши бўйича қоидалар мавжуд. Ёш авлодга нисбатан катталар томонидан белгиланган худди шундай ижтимоий масофа нотўғри талқин қилиниши мумкин. Бизда бу қандай? Қариндошлар қучоғидан қандай чиқиб кетишни билмаётган болаларни мажбурлаб ўпишади. Лекин аслида, ҳар қандай катта одам болани қучоқлашдан аввал унда розилик аломатини кўргачгина бундай қилиш қўлидан келадими-йўқми қизиқиб кўриши керак. Бу амалиёт – уни зўравонликдан ҳимоя қилиш усулидир.

Мазкур рисола эса ота-онага ушбу нозик мавзу учун мос келадиган сўзларни тўғри танлашга ёрдам беради.

Бу худди юриш ва гапиришни ўрганишдек табиий бўлиши керак

Психосексуал ривожланиш туғилишдан бошланади. Бундай мавзулар болаликдан бошлаб оддий ҳолга айланиши керак. Оналар болаларига “бу қўлчалар”, “бу оёқчалар” деб тез-тез ўргатишади. Худди шундай бошқа номларда ҳам қўрқмаслик керак. Бундан ташқари, гап фақат эслатма эмас, балки шахсий гигиена ҳақида кетяпти. Ота-оналар ҳар доим ҳам фарзанди ёнида бўла олмайдилар ва маълум бир ёшга етганда болалар мустақил бўлишга қўникиши, демакки, ўз ҳақида қайғуриши керак.

Порнографик фильм

Шундай мавзулар борки, улар беҳаё бўлиши билан бир қаторда, катта қизиқиш ҳам уйғотади. Айнан шу сабаб порнофильм томоша қилиш – уят ҳиссини уйғотмаган ҳолда қизиқишни камайтиришда энг кенг тарқалган усул ҳисобланади. Ахир, уни томоша қилаётган одамни ҳеч ким кўрмайди. Бу каби билимларнинг муаммоси шундаки, томошабин саҳналаштирилган фильм (ўргимчак одам ҳақидаги фильмлар каби) нима эканини унутиши ва кўрган нарсасини нормал ҳолат деб қабул қилиши мумкин. Бу катта хато. Энди ўсмирлар бу муҳитга тушиб қолса, нима бўлишини тасаввур қилинг. Гормонлар юзага чиқа бошлагани сабаб, энди нафақат қизиқиш, балки эҳтиёж ҳам пайдо бўлишини инкор қилмаймиз. Айнан шу ерда ота-оналар билан ишончли муносабатларнинг йўқлиги яққол кўринади – бола порнография кўришни танласа-да, буни ота-онаси билан муҳокама қилишни журъат қила олмайди.

Шуни таъкидлаш керакки, кўпинча ота-оналарнинг реакцияси вазиятни янада кескинлаштиради. Жаҳлдан тушиш ва болага нимадир бўлгани ҳақидаги ўй-хаёллардан қутилиш керак бўлган бир пайтда, оддий бўлмаган муаммонинг оддий усули – телефонни тортиб олиш ва жанжал кўтариш. Ҳаммаси шундай – бу одатий ва табиий реакция. Ота-она суҳбатга биринчи навбатда ўзини тайёрлаши, тегишли адабиётларга мурожаат қилиши керак. Кейин эса ўсмир учун керакли китобни танлаш зарур. Бу ёшда ота онадан ажралиш (сепарация) бошланади. Шу туфайли ҳар қандай маълумотни етказиш нисбатан қийин кечади. Аммо сиз исталган саволга жавоб беришингиз мумкинлигига ишора қилиб, китобнинг керакли саҳифасини очиқ қолдиришингиз мумкин.

Фарзандларим мен нима билан шуғулланишимни билишади. Уйда китоблар қалашиб ётади, компьютерда ҳамма мақолалар очиқ.

Агар гап кичик ёшдаги болалар ҳақида кетаётган бўлса, бу ерда ота-оналарга фарзандининг қизиқишларини олдиндан пайқаши ва адабиётлардан моҳирона фойдаланиб, суҳбатни биринчи бўлиб бошлаши керак. Бола ана шу ишончли муносабатларга эришиш учун бўлган чақириғингизни тушуниши лозим. Шундагина у бу маълумотни қабул қила олади.  

Ноўрин таққослаш

Бизнинг ишимизни илмий ёндашувлардан асар ҳам бўлмаган секс-блогерлар фаолияти билан тенглаштиришлари, кишини ғазаблантиради. У ерда қўполлик ва нопрофессионаллик бор. Бу психолог-сексолог мутахассислар ҳақида ана шундай стереотипни шакллантиради. Ахир, биз фақат тиббий терминлардан фойдаланамизку! Шу сабабли мижозлар билан ишлашда ўзаро суҳбатга ижобий таъсир кўрсатиш мақсадида мен ҳар доим ўз олдимга мижозга атамаларни ўз ўрнида қўллаш маданиятини сингдириш вазифасини қўяман.    

Шахсий терапия

Психологнинг иши нафақат профессионал, балки шахсий инсоний фазилатлар орқали ҳам кечади. Шунинг учун мижознинг тарихини таҳлил қилиш вақтида бизда ҳам қандайдир ўзгаришлар бўлиши мумкин. Агар бу ҳол мени тарк этмаса, унда бошқа мутахассислар каби, ўзимни даволашга ўтаман.   

Психолог қанча кўп меҳнат қилса, шунча қўп терапияни бошдан кечиради

Мен ўзимни хавотирга солаётган вазиятларни психолог билан муҳокама қиламан. Яна “супервизия” дегани ҳам бор. Яъни мижоз тарихи тўғридан-тўғри устоз билан таҳлил қилинади. Бунда вазият эмас, балки менинг унга бўлган муносабатим кўриб чиқилади. Биз суҳбат давомида илгари сурилган техника ва гипотезаларни муҳокама қиламиз. Бизнинг ишимизда нафақат мижоз, балки ўзимиз ҳақимизда ҳам қайғуриш муҳим. Бизда бошқа одамларнинг ҳис туйғулари тўпланиб қолмаслиги керак. Ахир, биз ҳам тирик одамлармиз. Шунинг учун ҳам бизга шахсий терапия ва супервизия зарур.     

Психолог-сексолог ишида, у билан мулоқот қилишда бўлмагани каби, ҳеч қандай ноқулайлик ва қўполлик йўқ. Мутахассис фақат тиббий атама ва тушунчалардан фойдаланади. Бу худди мавсумий чангга аллергияни муҳокама қилишдек гап.   

Суҳбатдош: Валерия Вааде