$
 10581.03
-9.43
 12645.39
-195.54
 145.92
-1.28
weather
+37
Кечаси   +20°

Тошкентдаги туғуруқхона “пропискасиз” аёлни қабул қилишдан бош тортди

Тошкентдаги туғуруқхона “пропискасиз” аёлни қабул қилишдан бош тортди

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар 1-сон туғуруқ комплексига ҳомиладор аёлини ҳомиласи етилиб, туғуруқ оғриқлари бошланган бўлса-да, тиббиёт муассасасига қабул қилишмагани ва унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмагани айтилган видеолар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолатга изоҳ берди.

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев туғуруққа ихтисослашган шаҳар ва республика тиббиёт муассасалари бош врачлари иштирокида мазкур масала юзасидан тезкор йиғилиш ўтказган. Маълум бўлишича, 2000 йилда туғилган ҳомиладор аёл О.С. Самарқанд вилояти, Иштихон туманида доимий рўйхатда туриб, ҳозирда Тошкент вилояти Янгийўл туманида истиқомат қилади.

Жорий йилнинг 29 апрель куни соат 04:25 да аёлни турмуш ўртоғи Х.М. туғуруқ оғриқларидан шикоят қилгани учун Тошкент шаҳар 1-сон туғуруқ комплексига олиб келган. Навбатчи шифокор аёлни кўрикдан ўтказиб, “Ҳомиладорлик 1, 41-хафта. Туғуруқнинг 1-даври латент фазаси” ташхисини қўйган. Аммо аёлнинг алмашув варақасида Янгийўл тумани 69-сон қишлоқ шифокорлик пунктида рўйхатда турганини инобатга олиб, дислокация бўйича Янгийўл тумани туғуруқ комплексига ёки Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникасидаги туғуруқ бўлимига бориш тавсия қилинган.

Шу куни соат 5:40 лар атрофида ҳомиладор аёл турмуш ўртоғи томонидан чақирилган тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент тиббиёт академиясининг 1-клиникаси туғуруқ бўлимига олиб борилган ва у ерда “Ҳомиладорлик 1, 41 хафта. Туғуруқнинг 1-даври” ташхиси билан қабул қилинган. 2021 йил 29 апрель куни соат 7:40 да оғирлиги 3700 гр бўлган қиз дунёга келган. Туғуруқдан кейинги давр асоратсиз ўтган. Шу йилнинг 3 май куни аёл фарзанди билан аҳволи қониқарли ҳолатда уйига жавоб берилган.

Ушбу вазият юзасидан ўзи масъул бўлган йўналишда шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўрмагани учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари Р.Ҳаитбаева билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Бундан ташқари, тиббиёт муассасасида ушбу қўпол ҳолатга йўл қўйилгани учун ушбу туғуруқ комплекси бош шифокори Р. Алимжанова ҳам эгаллаб турган вазифасидан озод этилган, ўз ишига совуққонлик билан қарагани ва ҳомиладор аёлга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатмагани учун қатор тиббиёт ходимларига ҳам тегишли чоралар кўрилган.

Теги :
Жамият