$
 12844.21
-11.72
 13508.26
-62.46
 127.35
-0.81
weather
+26
Кечаси   +14°

COVID-19 га чалинган беморни аниқлаш ва даволаш бўйича қўлланма ўзгарди

COVID-19 га чалинган беморни аниқлаш ва даволаш бўйича қўлланма ўзгарди

Эндиликда “COVID-19” билан касалланган беморларни ташхислаш ва даволаш бўйича янги меъёрлар татбиқ этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “COVID-19” билан касалланган беморларни даволаш бўйича вақтинчалик кўрсатмаларнинг олтинчи нашри тасдиқланиб, жойларга етказилмоқда (қўлланманинг ўзбек ва рус тилларидаги тўлиқ матни билан вазирликнинг расмий сайти орқали танишиш мумкин).

Таъкидланишича, мазкур қўлланмани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибига кўшимча равишда кардиолог, пульмонолог ва педиатр каби мутахассислар ҳам киритилган.

Шунингдек, коронавирус инфекциясини даволашга ихтисослашган муассасаларда фаолият юритаётган тиббиёт ҳодимлари, жумладан, реаниматологлар ҳам қўлланмани ишлаб чиқишда бевосита иштирок этишган.

Унда акс этган кўрсатмалар, аввало, тез тиббий ёрдам ва умумий амалиёт шифокорлари, юқумли касалликлар ҳамда болалар юқумли касалликлари бўйича мутахассислар, шунингдек, терапевт, педиатр, пульмонолог, оториноларинголог, кардиолог, неврапотолог, акушер-гинеколог, реабилитация терапевти, соғлиқни сақлаш ташкилотчилари ва ҳамширалар фойдаланиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, қўлланмада коронавирусга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатаётган нодавлат тиббиёт муассасалари ходимлари учун ҳам муҳим маълумотлар берилган.

Мазкур янгиланган нашрдаги “COVID-19” тасдиқланган ёки пневмония касаллигига шубҳа қилинган беморни аниқлаш ва даволаш жараёни схемалаштириб, содда шаклда очиб берилган. 

«Олтинчи нашрнинг аввалгиларидан фарқи шуки, ундан коронавируснинг пайдо бўлиши, дунё бўйича тарқалиши каби умумий маълумотлар олиб ташланиб, иш жараёнида ўрганиш ва қўллашга осон бўлиши учун, асосан, даволаш бўйича тиббиёт ходимлари учун аниқ кўрсатмалар берилди», дейди Коронавирусга қарши кураш бўйича штаб аъзоси Ҳабибулло Оқилов.

«Жумладан, ўткир респиратор касалликларга эга беморнинг касаллик белгилари бўйича саволномаси келтирилган бўлиб, у орқали касаллик симптомлари билан бир қаторда, беморнинг охирги 14 кунлик фаолияти ва мулоқотлари ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин бўлади».

Шунингдек, “COVID-19” янгиланган олтинчи нашрда беморни парвариш қилиш, уни даволаш жараёнида амал қилиш лозим бўлган шахсий ҳимоя қоидалари ҳақида ҳам маълумот берилган.

Унга кўра, эндиликда дунё тажрибаси ва маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳаво ўтказмайдиган ҳимоя комбинезони ўрнига ҳозирги иқлим шароитига мос тиббий ҳимоя кийимларидан фойдаланишга ўтилади.

Бу тўхтамга халқаро тажриба, шифокорларнинг фикри ва уларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш масалаларини тўла инобатга олган ҳолда келинди. Аммо тиббиёт ходимлари қўлқоп, қалпоқча, N-95 респиратор ниқоби, хавфсизлик кўзойнаги ва юз учун тўсиқлар билан доимий ҳимояланиши шарт.

Таъкидлаш жоизки, даволаш муассасаларида хавф юқори бўлган реанимация ва интенсив терапия бўлимларида тиббиёт ходимлари юқорида келтирилган ҳимоя воситалари билан бирга олдинги комбинезонлардан доимий тартибда фойдаланади.

Теги :
Jamiyat