$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Президент қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди

Президент қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни танқид қилди

Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, қиш мавсумида тармоқ ва ҳудудларда узлуксизликни таъминлаш учун суткасига 10-12 миллион киловатт-соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш зарурлиги қайд этилди. Бу қувватни “Тошкент”, “Сирдарё”, “Янги Ангрен” электр станцияларидаги 900 мегаваттли 5 та энергоблокни ишга тушириш ҳисобидан таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

– Менга баландпарвоз гаплар ва рақамлар керак эмас. Жойлардаги раҳбарларнинг ишлари натижасига ижтимоий тармоқларда халқимиз ўзи холис баҳо бермоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Узилишларга, асосан, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани ҳамда электр энергиясига талабнинг ошиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Шу боис паст ва ўрта кучланишли тармоқларни босқичма-босқич модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиб, ижросига тезроқ киришиш зарурлиги таъкидланди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда газ таъминотида суткасига 20 миллион куб метр танқислик мавжуд. Оқибатда мингдан зиёд маҳаллада табиий газ босими пасайган.

– Газ тизими билан боғлиқ муаммолар бугун юзага келмагани, балки ўттиз йилдан бери бизни қийнаб келаётганидан барчамиз хабардормиз. Лекин буни баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Халқимизга газ керак, уларнинг кўпчилиги бунинг учун тўловларни ўз вақтида ҳалол қилиб, тўлаб келмоқда, – деди Президент.

Шунингдек, Ш.Мирзиёев газ экспортини қисқартириб, аввало аҳоли эҳтиёжларини қондириш юзасидан кўрсатма берди. Бунинг ҳисобига кунига 7-8 миллион куб метр табиий газ қўшимча равишда ҳудудларга йўналтирилади. Шунингдек, аҳоли эҳтиёжини қоплаш учун яна 217 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш вазифаси қўйилди.  

Самарасиз ишлаётган 25 та конни инвесторларга “риск-сервис контракт” шартлари асосида бериб, табиий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш мумкинлиги айтилди.

Бундан ташқари, жойларда кўмир билан боғлиқ эътирозлар ҳам бор. Аҳоли ва ижтимоий объектлар учун ажратилган маҳаллий кўмирнинг 60 минг тоннаси ҳали эгаларига етказиб берилмагани кўрсатиб ўтилди.

Айни пайтда йиғилиш давом этмоқда.