$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Пенсия жамғармасига 2020 йилнинг 10 ойи давомида қандай мурожаатлар келиб тушди?

Пенсия жамғармасига 2020 йилнинг 10 ойи давомида қандай мурожаатлар келиб тушди?

Замонамизнинг энг мураккаб синовларидан бири – коронавирус пандемиясига қарши матонат ва бирдамлик билан курашаётган шу кунларда аҳоли муаммолари, мурожаатлар билан ишлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада Пенсия жамғармасига уйда ўтирган ҳолда, бевосита мулоқот қилмасдан, ортиқча харажат ва оворагарчиликсиз телефон алоқаси, интернет орқали жамғарманинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига мурожаат қилиш имкони яратилган.

Пенсия жамғармаси томонидан мазкур мурожаатларни Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилиши қатъий назоратга олинган.

Шу ўринда рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимига 2020 йил январь-октябрь ойлари давомида жами 20 573 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан: 2 652 таси (13%) Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига, 14 239 таси (69%) жамғарманинг ҳудудий бошқармаларига, 3 682 таси (18%) туман (шаҳар) бўлимларига келиб тушган.

Жорий йилнинг 10 ойи мобайнида мурожаатларни кўриб чиқиш натижасига кўра, қаноатлантирилганлар сони 229 тадан иборат, 20 149 та мурожаат бўйича умумий тушунтиришлар берилган, 110 таси тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга юборилган, 36 таси аноним деб топилган ёки кўрмасдан қолдирилган, 49 та мурожаат ҳозирда кўриб чиқилмоқда.

Келиб тушган мурожаатларнинг 9 792 (47,6%) таси пенсия ёки ижтимоий нафақаларни (шу жумладан, 8 145 (39,6%) таси бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам нафақалари) тайинлаш масаласидаги мурожаатлар бўлиб, қолган мурожаатлар қуйидаги йўналишлар бўйича тавсифланади:

· пенсия миқдорини кўриб чиқиш ва уни миқдорини ошириб бериш масаласида 6 378 (31,0%) та;

· пенсия ва нафақаларни тўлови масаласида 1 883 (9,2%) та;

· пенсия тайинлашда иш стажини ҳисобга олиш масаласида 1 106 (5,4%) та;

· пенсия тўлови тўхтатилиши ва ортиқча тўловлар масаласида 643 (3,1%) та;

· имтиёзли пенсияларни тайинлаш масаласида 326 (1,6%) та;

· фуқаролардан келиб тушган таклифлар ва бошқа масалаларда 445 (2,2%) та.

Мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра, 53 нафар ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилган. Жумладан, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлганлиги сабабли 41 нафар жамғарма ходимларига нисбатан “ҳайфсан”, 9 нафарига нисбатан ўртача иш ҳақига “жарима” интизомий жазо чоралари кўрилган, 3 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган(жадвал илова қилинади).

Ҳудудлар бўйича таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар Сирдарё вилояти 3 178 та (15,4%), Андижон вилояти 2 460 та (9,7%) ва Тошкент шаҳри 1 990 та (9,7%) ни ташкил қилган.

Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан коронавирус пандемияси даврида фуқароларга пенсия ва нафақалар учун мурожаат қилиш тартиби, тайинлаш ва тўлаш муддатлари ва шартлари тўғрисида тушунтириш ва маълумотлар бериб борилмоқда. Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5986-сон Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”даги ПФ-6038-сон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4815-сон Қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда пенсия қонунчилигидаги ўзгаришлар, давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлов жараёнидаги муаммоларнинг ечими тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Теги :
Jamiyat