$
 12829.07
-15.14
 13344.80
-163.46
 124.91
-2.44
weather
+26
Кечаси   +14°

Олмалиқда одамлар нега тўпланди? Ҳолат юзасидан расмий муносабат берилди (+видео)

Бугун, 4 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри «Металлург» маданият саройи орқа ҳудудидаги майдонда тумонат одам тўпланиб, тартибсизлик келиб чиққани акс этган видеолар тарқалди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари тўпланган одамлар АГМКга қабул деб ўйлаб, Оҳангарон, Пискент, Бўка, Бекобод туманлари, ҳатто Тожикистон Республикасидан ҳам келганини айтишмоқда. ОКМК маъмурияти ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

Унда маълум қилинишича, бугун Олмалиқ шаҳрида корхона ташкилотлар, хусусан, ОКМК иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган. Ярмарка ўтказиш учун “Металлург” маданият саройи танланган эди. Бироқ, талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМК га ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжаланган жойда тиқилинч юзага келган.

Шундан сўнг, зудлик билан шаҳар ҳокимлиги, ОКМК масъуллари меҳнат ярмаркасини мазкур маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган "Ёшлар боғи"га кўчирилган. Айни пайтда "Ёшлар боғи"да Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилишича, янги лойиҳаларнинг ўзлаштирилиши, қўшимча қувватларнинг ишга туширилиши ҳисобига ОКМКда яқин йилларда қарийб 10 минг нафар қўшимча иш ўрнига эҳтиёж кутилмоқда. Бугунги кунда босқичма-босқич бу иш ўринларига ходимларни саралаш ишлари бошланган.

“Бугунги ҳолат юзасидан тегишли мутасаддилар қатъий огоҳлантирилган. Иш берувчи томонидан ўтказиладиган меҳнат ярмаркаси талабларига мувофиқ, ихтисосликлар бўйича, навбати билан ишга қабул жарёнини ташкил этилиши бўйича топшириқ берилган.

ОКМК томонидан фуқароларни ишга қабули ўтказиладиган кунлар ва қайси ихтисослик учун қачон суҳбат бўлиши ҳақида расмий веб сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали қўшимча ахборот берилади”, дейилади расмий муносабатда.

Теги :
Jamiyat